Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний савдоси фош этилди.
Маълум қилинишича, 1972 ва 1976 йилларда туғилган икки нафар қўшни давлат фуқароси 2 килограмм 18 грамм соф оғирликдаги “опий” моддасини ноқонуний йўллар орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб кирган.
Улар мазкур гиёҳвандлик моддасини Тошкент вилоятида шартли харидорга 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА