Германия парламенти аъзолари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ортиб бораётганини юқори баҳолади
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Берлин шаҳрига ташриф буюрди.
Ўзбекистон делегацияси Германия Бундестагининг «Германия - Марказий Осиё» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Германия парламенти аъзолари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ортиб бораётгани, немис инвестициялари ҳажми ва компаниялар фаолияти кенгаяётгани, шунингдек, туристик алмашинувлар жадал ўсиб бораётганини юқори баҳолади.
Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш, таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси доирасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида 2027 - 2028 йилларга мўлжалланган парламентлараро ҳамкорликнинг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, келгуси йили Германия Бундестаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва унинг доирасида Оролбўйидаги экологик вазият билан танишиш режалаштирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА