Геология – саноат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Иқтисодиётнинг барча соҳаларида барқарор ривожланишга эришиш учун мустаҳкам илмий асос талаб этилади. Ана шундай муҳим асослардан бири геология соҳасидир. Чунки геологик тадқиқотларсиз саноатни ривожлантириш имконсиз.
Бугунги кунда кўпгина саноат корхоналари фаолияти геологлар томонидан тақдим этиладиган аниқ ва ишончли маълумотларга бевосита боғлиқ. Айниқса, мамлакатимиздаги йирик саноат гигантларидан бири ҳисобланган Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятини геологларсиз тасаввур этиш мушкул.

Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги барча конлар айнан геологлар томонидан чуқур ўрганилган. Бироқ уларнинг вазифаси бу билан чекланиб қолмайди. Геологлар қидирув ишлари натижаларига асосланган ҳолда лойиҳаларни ишлаб чиқишда, конларни эксплуатация қилиш жараёнида, маъдан томирларининг жойлашуви ва таркибини ўрганишда фаол иштирок этади.
Хусусан, бурғиланган қудуқлардан олинган намуналарни саралаш, уларни таҳлилга тайёрлаш, гамма-таҳлил ўтказиш орқали маъдан таркибидаги олтин миқдорини аниқлаш геологларнинг муҳим вазифаларидан саналади. Ушбу маълумотлар асосида маъдан навларга ажратилади ва уни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш жараёнлари учун аниқ режалар тузилади. Шунингдек, қазиб олинган маъданни қайта ишлаш заводларига белгиланган сифат ва миқдорда етказилишини назорат қилиш ҳам улар зиммасидаги масъулиятли ишлардандир.

– Ҳар бир давлатнинг тараққиёти кўп жиҳатдан унинг ер ости бойликларига боғлиқ, – дейди Шимолий кон бошқармаси бош геологи ўринбосари Аброр Бешимов. – Уларни излаб топиш, баҳолаш ва иқтисодиёт тармоқларига самарали жалб қилиш эса геологларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда геология соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Замонавий техника ва илғор технологияларнинг жорий этилиши, соҳадаги мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Натижада Шарқий, Довғистов, Турбай, Амунзо-Амантай каби конларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.


Геология бу фақатгина ер ости бойликларини излаш эмас, балки мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлайдиган стратегик соҳадир. Геологлар эса ана шу тараққиётнинг пойдеворини яратаётган фидойи касб эгаларидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири