Гендер бюджетлаштириш механизмлари қандай ишлайди?
Мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада бюджет жараёнларига гендер ёндашувларни жорий этиш натижасида ижтимоий адолатни таъминлаш, давлат харажатларининг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли манфаатларини тўлиқ инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади.
Бугун Тошкентда “Ўзбекистонда гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни самарали жорий этиш учун қонунчилик ислоҳотларини такомиллаштириш” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар иштирок этди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова, иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Гулнора Раҳимова ва бошқалар жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенгликни таъминлаш барқарор тараққиётнинг муҳим шартларидан бири эканига алоҳида урғу берди.
[gallery-28602]
Таъкидланганидек, бу жараёнда гендер тенгсизликни қисқартириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, давлат ва маҳаллий бюджет лойиҳаларини ишлаб чиқишда гендер жиҳатларни ҳисобга олиш, уларни махсус экспертизадан ўтказиш ҳамда гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни босқичма-босқич жорий этиш вазифалари белгилаб қўйилган.
Гулнора Раҳимованинг сўзларига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мазкур йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари изчил амалга оширилмоқда.
– Шу маънода айтиш керакки, гендер тенглигини таъминлаш тушунчасининг асосий моҳияти бюджет жараёнида фақат хотин-қизларга қанча маблағ ажратиш билан чекланмайди. У, аввало, инсон манфаати, турмуш тарзи ва фаровонлигини оширишга қаратилган адолатли бюджетлаштириш тизимини жорий этишни англатади. Шу нуқтаи назардан, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, барча қатлам вакилларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш билан бевосита боғлиқ. Бу жараёнда давлат молиясини бошқариш тизимига гендер ёндашувларни татбиқ этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Чунки мазкур механизм барқарор ривожланиш тамойилларига мос равишда амалга оширилиб, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади. Республикамизда гендер тенгликни таъминлаш масаласига тобора катта эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Бу борада қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда, –деди Г.Раҳимова.
Давра суҳбатида мутахассислар гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Уларнинг фикрига кўра, гендер бюджетлаштириш механизмлари давлат бюджети маблағларини фақат миқдор асосида тақсимлаш эмас, балки хотин-қизлар ва эркакларнинг эҳтиёжлари ҳамда манфаатларини ҳисобга олишга қаратилган замонавий тизимдир.
Тадбир якунида гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни босқичма-босқич жорий этиш бюджет жараёнларида хотин-қизлар ва эркакларнинг манфаат ва эҳтиёжларини тўлиқ ҳисобга олиш, парламент назоратини кучайтириш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш бўйича миллий мажбуриятларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, интерактив муҳокамалар сўнгида қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА