ФВВ тизимида китобхонлик танлови
Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида тизимдаги ҳарбий хизматчилар ўртасида интеллектуал салоҳиятни ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда аждодларимиз меросини кенг тарғиб этишга қаратилган “Аждодлар изидан” танлови ўтказилди. Унда иштирокчилар ўз билим ва тафаккурларини синовдан ўтказиб, тарих, адабиёт, маънавият, ҳарбий ватанпарварлик ҳамда мутолаа маданияти йўналишларида савол-жавоблар, мантиқий саволлар ва тезкор фикрлаш шартлари асосида ўзаро баҳслашдилар. Баҳс-мунозараларга бой, муросасиз ва қизиқарли руҳда ўтган билимлар тортишувида Бешариқ туман фавқулодда вазиятлар бўлими жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Танлов якунида ғолиблар ва фаол иштирок этган жамоалар вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.



– Мазкур тадбир ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий савиясини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда уларнинг профессионал билим ва дунёқарашини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ғанижон Алавиддинов.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА