Франция Бош вазири: Ёшлар норозилигига бефарқ эмасмиз
Францияда мактаб ўқувчиларининг намойиши давом этаётган бир пайт Бош вазир Себастьян Лекорню ёшлар талаби асоссиз эмаслигини тан олди. У ҳукумат ўқувчилар муаммоларига бефарқ эмаслиги, полицияга эса намойишчилар билан тўқнашиш бўйича кўрсатма берилмаганини билдирди.
Ўқувчилар мактабларга кўпроқ маблағ ажратиш, ўқитувчилар етишмовчилигини бартараф этиш, таълим муассасаларини таъмирлаш ва олий таълимга қабул жараёнида қўлланадиган “Parcoursup” – университетга кириш учун ариза топшириладиган электрон платформани ислоҳ қилиш талабларини илгари сурмоқда. Ҳукумат ёшлар билан мулоқотни бошлади, ўқитувчилар ўрнини вақтинча тўлдириш, мактабларни таъмирлаш ва дарс жадвалини яхшилаш бўйича чоралар ишга туширилди. Лекорню инқирозга қарши ҳукумат режаси октябрь охирида тақдим этилишини айтди. Шунингдек, ёшлар фикрини ўрганиш учун ишга туширилган “Agora” иловасига 30 000 имзосиз мурожаат келиб тушгани маълум қилинди.
Полициянинг намойиш чоғидаги ҳаракатига нисбатан танқид кучайгач, Ички ишлар вазири Лоран Нюнес мактаб ўқувчилари чиқиши вақтида талвасага солувчи граната – одамларни тарқатиш учун қўлланадиган кучли товуш чиқарадиган махсус воситадан фойдаланишни тақиқлади. Бунга Ланс шаҳрида 15 ёшли бола полиция ирғитган граната туфайли қўлидан ажралгани ҳам сабаб бўлди.
Дарвоқе, Франциянинг амалдаги ҳукумати иқтисодий босимга ҳам дуч келмоқда: 2027 йил бюджети таълим харажати оширилишини кўзда тутса-да, давлат молиясини барқарорлаштириш учун ўнлаб миллиард евро тежалиши талаб этилмоқда. Мамлакат бўйлаб яна иш ташлаш ва намойишлар кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА