Фозил Фарҳод Кореядаги VI Осиё адабиёт фестивалида иштирок этди
Кейинги йилларда миллий адабиётимизга қаратилаётган эътибор ўзбек ижодкорларининг турли халқаро адабий лойиҳаларда муваффақиятли қатнашишига имкон яратмоқда.
2026 йил 18–19 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳридаги Миллий Осиё маданият марказида VI Осиё адабиёт фестивали бўлиб ўтди.
«Words that Welcome, Voices that Unite» – «Тинчлик, ҳамжиҳатлик ва меҳмондўстлик тили» мавзусида ташкил этилган фестивалда Осиёнинг турли мамлакатларидан шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар ҳамда маданият вакиллари иштирок этди. Тадбирларда уруш ва тинчлик, тарихий хотира, инсон ва табиат муносабати, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик каби мавзулар муҳокама қилинди.
Фестивальда Ўзбекистон номидан шоир Фозил Фарҳод қатнашди. У «The Land Bears Witness: Paths to Coexistence» — «Ер гувоҳлик беради: бирга яшаш йўллари» мавзусидаги иккинчи сессияда иштирок этди.
Сессияда кореялик шоир Ким Суёл ва ёзувчи Хван Мо Гва ҳам қатнашди. Тадбирни адабий танқидчи Ко Мёнчхол бошқариб борди.
Фозил Фарҳод сессия доирасида «The Voice of War and Peace» — «Уруш ва тинчлик овози» мавзусида маъруза қилди. Унда урушнинг инсон тақдирига таъсири, тарихий хотира ва шоирнинг бу хотирани авлодларга етказишдаги вазифаси ҳақида фикр билдирди.

«2 миллион овозни дунёга етказиш – шоирлик бурчим»
Кореянинг Gwangjuin нашри фестивалнинг иккинчи сессияси ҳақидаги материалида Фозил Фарҳоднинг тарихий хотира ва шоирлик масъулияти ҳақидаги фикрларини ҳам келтирган.
Шоир Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистондан қарийб 2 миллион киши фронтга сафарбар этилгани ва уларнинг 500 мингдан ортиғи жангларда ҳалок бўлганини таъкидлади.
Фозил Фарҳод ана шу фожиали тарихда қолган «2 миллион овоз»ни дунёга етказишни шоирлик бурчи сифатида таърифлади. Унинг таъкидлашича, уруш мавзуси унинг учун статистик маълумотлар эмас, балки инсонларнинг тақдири, хотираси ва авлодларга қолган маънавий мероси билан боғлиқ.
Жежу 4·3 хотираси
Шоир маърузаси давомида Жежу оролидаги ижодий фаолияти ҳақида ҳам сўзлади. Айтиш кераккки, Фозил Фарҳод Жежуда уч ой давомида ижод қилгани ва шу вақт мобайнида орол тарихидаги Жежу 4·3 воқеалари билан боғлиқ оғриқли хотирани чуқур ҳис қилганини билдирди. У Жежу 4·3 хотирасини осиёлик ижодкор сифатида қабул қилганини, ушбу тарихий фожиа ҳақида мулоҳаза юритиш унинг ижодий қарашларига таъсир кўрсатганини айтди.
Ижодий анжуман доирасидаги сессияда Фозил Фарҳод ўзининг «Йиғлаётган тарих» номли шеърини ҳам ўқиб эшиттирди.
Асарда тарихий хотира, инсон бошидан кечирган фожиалар ва ўтмиш воқеаларининг бугунги авлод қалбида қолдирган излари акс этган.
Фестиваль дастури доирасида Осиё мамлакатларидан келган ижодкорларнинг шеърий ўқишлари ташкил этилди. Унда Фозил Фарҳод «Уруш-уруш ўйини» номли шеърини ўқиб берди.
Шоирнинг фестивал давомида ўқиган «Йиғлаётган тарих» ва «Уруш-уруш ўйини» шеърлари тадбирнинг уруш, тинчлик ва тарихий хотира мавзулари билан уйғунлашди.

Кванжу ва 5·18 хотираси
Осиё адабиёт фестивалининг Кванжу шаҳрида ўтказилиши ҳам тадбир мавзуси нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.
1980 йилда Кванжуда юз берган 5·18 демократик ҳаракати шаҳар тарихида муҳим ўрин тутади. Бугун Кванжуда ушбу воқеалар хотирасига бағишланган музейлар, хотира масканлари ва ёдгорликлар мавжуд.
Шу маънода уруш, тинчлик ва тарихий хотира масалаларига бағишланган халқаро адабий мулоқотнинг Кванжу шаҳрида ўтказилиши фестивалнинг асосий мавзулари билан уйғун бўлди.
VI Осиё адабиёт фестивали Фозил Фарҳод учун ўзбек шеъриятини халқаро адабий муҳитда намоён этиш, уруш ва тинчлик, тарихий хотира ҳамда инсон тақдири ҳақидаги ижодий қарашларини Осиёнинг турли мамлакатларидан келган ижодкорлар билан баҳам кўриш имконини берди.
Н.Усмонова, ЎзА