“Филармония ёш ижодкорлари” Республика кўрик-танлови бўлиб ўтди
“Туркистон” санъат саройида “Ёшлик баҳори” иқтидорли ижодкор ёшлар форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси томонидан “Филармония ёш ижодкорлари” Республика кўрик-танлови ўтказилди.
Ўзбекистон давлат филармонияси Бош директори Анвар Тожибоев мазкур кўрик-танлов илк маротаба ўтказилаётганини алоҳида таъкидлаб, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодларини катта саҳналарда намоён этишларига имкон бериш филармония жамоасининг доимий кун тартибида эканини таъкидлади.

Санъатнинг турли йўналишларида ижод қилаётган ёшлар иштирок этган мазкур кўрик-танловни Ўзбекистон халқ бахшиси Феруз Норматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Дилфуза Раҳимова, Маъсума Болтабоева, Ўзбекистон бастакорлари ва композиторлари уюшмаси аъзоси Фарҳод Абдуллаев ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси бош мусиқа раҳбари Улуғбек Мамасолиевдан иборат профессионал Ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Янги ёш истеъдодларни кашф қилиш, ёшларда Ватанга садоқат, миллий ғурурни юксалтириш, азалий қадрият ва анъаналаримизга бўлган ҳурмат ҳиссини янада кучайтириш ҳамда халқимизнинг маънавий дунёсини бойитадиган бадиий асарлар яратиш мақсадида ташкил этилган мазкур кўрик-танловда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган 20 нафар ёшлар иштирок этди.
Илк маротаба ўтказилган “Филармония ёш ижодкорлари” республика кўрик-танловида 1-ўрин Бобур Юсуповга, 2-ўрин Миржалол Аҳатовга, 3-ўрин Динора Холхўжаевага насиб этди.
Танлов ғолиблари тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА