
Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Байрам тантанасида вилоят ҳаётидаги турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган ташаббускор ва фаол хотин-қизлар иштирок этди. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев барча хотин-қизларни бугунги айём билан табриклаб, ҳаётнинг турли жабҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди.


Ҳаётимизнинг файзи ва кўрки, оила таянчи бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун ўзига хос қадрият бўлиб келгани алоҳида таъкидланди. Президентининг 2022 йил 7 март куни “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига асосан ҳудудда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб этиш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти.


Хусусан, давлат ташкилотлари бошқарувидаги раҳбар хотин-қизлар 16,9 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги фаолият соҳасида 39,5 фоизни, молия ва суғурта соҳасида 51,4 фоизни, саноат тармоқларида 46 фоизни, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳаларида 57,3 фоизни, таълим соҳасида 77,1 фоизни, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 78 фоизни аёллар ташкил қиляпти. Таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг 21 нафари фан доктори, 47 нафар фалсафа доктори, 24 нафари профессор, 43 нафари доцент илмий унвонларига эга. Шу кунга қадар, таъсис этилган давлат мукофотлари билан вилоятимиздан 345 нафар аёллар тақдирланган.


Ўтган давр мобайнида эҳтиёжманд оилалардаги 2 минг 189 нафар қизлар олий таълим муассасаларига имтиёзли 4 фоизли квота асосида ўқишга қабул қилиниши учун тавсияномалар берилди. Уларнинг 177 нафари имтиёзли ўқишга қабул қилинди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилалардан бўлган 143 нафар талаба хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлаб берилди.


Тадбирда ташаббускорлиги, интилувчанлиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизларга "Мўътабар аёл" кўкрак нишони топширилди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Мусаев, ЎзА.