Фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда техноген фавқулодда вазиятлардан жабрланган аҳолига зарарни қоплашнинг янги тартиби жорий этилди. Ҳукумат тасдиқлаган низом кимларга, қандай ҳолатларда ва қанча миқдорда ёрдам беришини белгилайди?
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур низом қуйидаги техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни назарда тутади:
Транспорт авариялари ва ҳалокатлари;
Кимёвий хавфли ва ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган объектлар;
Энергетика ва коммунал тизимларидаги авариялар;
Бино конструкцияларининг тўсатдан бузилиши ва бошқалар.
Шунингдек, ушбу ҳолатларда жабрланган шахсларга етказилган зарар тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш жамғармасидан тўлаб берилади:
Суд томонидан фавқулодда вазият учун айбдор шахслар аниқлангунгача бўлган даврда;
Белгиланган муддатда фавқулодда вазият учун айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан тўлиқ қоплаш имкони бўлмаган ҳолларда.
Жабрланган шахслар фавқулодда вазият юзага келган кундан бошлаб 30 кун мобайнида белгиланган шаклдаги аризани тўлдирган ҳолда тегишли комиссияга тақдим этадилар.
Комиссия далолатномасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида қуйидаги шахсларга айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳисобидан 1 марталик моддий ёрдам пули тўлаб берилади:
Фавқулодда вазият оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, болалари, ота-оналари ва қарамоғидаги шахслар) учун ҳар бир оила аъзосига тенг улушда – БҲМнинг 500 бараваригача миқдорда;
Фавқулодда вазият оқибатида оғир тан жароҳати олган фуқароларга – БҲМнинг 200 бараваригача, ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган фуқароларга – БҲМнинг 150 бараваригача ҳамда енгил тан жароҳати олган фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда.
Таъкидланишича, ушбу қарордан кўзланган мақсад аввало аҳоли хавфсизлиги ва турмуш барқарорлигидан иборат.
Шербек Исломов, ЎзА