Фармацевтика саноатининг истиқболлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида «Pharma Uzbekistan & Central Asia» 5-юбилей халқаро конгресси бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатлардан 150 дан ортиқ фармацевтика ва тиббиёт соҳаси вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, регулятор органлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамда инвесторлар иштирок этди.
Конгрессда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров фармацевтика саноатини ривожлантиришда маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш масалаларига алоҳида тўхталди.
– Бугунги кунда фармацевтика соҳаси жадал трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда, – деди Алишер Темиров. – Мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, замонавий технологиялар ва рақамли ечимларни жорий этиш саноатнинг янги босқичга чиқишида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳар қандай янги ишлаб чиқариш лойиҳасининг марказида, аввало, инсон саломатлиги ва бемор хавфсизлиги туриши лозим. Шу нуқтаи назардан, дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш фармацевтика соҳасининг барқарор ривожланишидаги асосий омиллардан биридир.

Тадбир давомида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва инновацион технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Хусусан, дори воситалари муомаласи соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ишлаб чиқаришдан тортиб реализациягача бўлган барча босқичларда назорат механизмларини кучайтириш, фармаконазорат ва пострегистрацион назорат тизимларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбир якунида фармацевтика саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақада замонавий ҳамда хавфсиз фармацевтика ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА