Европани “нефть талвасаси” кутяптими?
Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқини дизель ва авиация ёнилғиси таъминотини ошириш учун шошилинч чора кўришга чақирди. Таъкидланишича, Ҳурмуз бўғози узоқ вақт ёпиқ қолиши ва Яқин Шарқда энергетика инфратузилмасига ҳужум давом этиши жаҳон нефть бозоридаги танқисликни янада кучайтиради.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга 18 сентябрь куни юборилган мактубда Макрон ҳозиргача нефть таъминоти асосан қайта ишлаш миқдорини ошириш, Осиё талаби сусайиши ва мавжуд захира ишлатилиши ҳисобига сақлаб турилганини айтган. Бундай имконият чекланган: Франция ҳукумати маълумотига кўра, 22 сентябрь соат 09:00 ҳолатида мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг 14 фоизида танқислик ёки танқисликка яқин ҳолат кузатилган. Агар Ҳурмуз амалда очилмаса ва Саудия Арабистони Шарқ – Ғарб нефть қувури ишга тушмаса, мамлакат захираси камаяди, жаҳон бозоридаги хом нефть таъминоти кунига яна камида 4 миллион баррель қисқаради ва нарх кескин ошади. Мактубда жаҳон нефть захираси қарийб 500 миллион баррель камайгани ҳам келтирилган.
Париж Брюсселни мавжуд нефть ва қайта ишлаш қувватидан кўпроқ фойдаланиш учун вақтинча чора ишлаб чиқишга чақирган. Хусусан, Макрон айрим навлар учун сифат талабини вақтинча юмшатиш орқали заводларда дизель ва авиация ёнилғиси ишлаб чиқаришни муайян корхона имкониятидан келиб чиқиб 5-20 фоиз ошириш мумкинлигини билдирди. Шунингдек, таркибида 10 фоизгача биология дизели бор B10 ёнилғисидан кўпроқ фойдаланиш, хом нефть ва табиий газ импортчилари учун ЕИнинг метан қоидаси бўйича маълумот тақдим этиш мажбуриятини бир йил – 2028 йил 1 январгача кечиктириш ҳамда ЕИ қўшма газ хариди механизмини дизель ва авиация ёнилғисига татбиқ этиш имконини баҳолаш таклифи берилди. Европа комиссияси эса аъзо давлатларда эҳтимолий ёнилғи танқислиги масаласи кун тартибида эканини билдириб, мавзу яқин орада тармоқ ва ЕИ давлатлари билан юқори даражада муҳокама қилинишини айтди.
Мусулмон Зиё, ЎзА