Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш – ҳосилдорлик гарови
Жиззах вилоятида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уларнинг унумдорлигини сақлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Айни кунларда Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция мутахассислари Мирзачўл, Дўстлик ва Зафаробод туманларидаги кузатув қудуқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларини олиб бормоқда. Жумладан, қудуқларга ҳимоя ҳалқаларини ўрнатиш орқали уларнинг техник ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Белгиланган режага кўра, вилоят ҳудудида жами 198 та кузатув қудуғини таъмирлаш ва қайта тиклаш кўзда тутилган. Бу қудуқлар орқали суғориладиган ерлардаги сизот сувлари сатҳи мунтазам назорат қилиб борилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кузатув қудуқларининг соз ҳолатда бўлиши ер ости сувларидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, майдонларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш ва зарур чораларни белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ишлар натижасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлаш, қишлоқ хўжалиги майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосил олиш учун зарур шароит яратилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири