“Erasmus+TEX4FUTURE” халқаро лойиҳасининг якуний конференцияси бўлиб ўтди
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Таълимни модернизация қилиш шароитида замонавий машинасозлик ва муҳандислик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари: халқаро тажриба” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Ушбу анжуман "Erasmus+Capacity Building in Higher Education” дастури доирасида амалга оширилаётган “TEX4FUTURE” – “Textile Manufacturing for the Future in Uzbekistan and Kazakhstan” халқаро лойиҳасининг якуний конференцияси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда “TEX4FUTURE” халқаро консорциуми томонидан ташкил этилган конференцияда олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, давлат идоралари, саноат корхоналари ва бизнес вакиллари иштирок этди.
Унда муҳандислик таълими, саноатни рақамли трансформация қилиш, инновацион технологиялар ҳамда халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Конференция давомида “TEX4FUTURE” лойиҳасининг амалга оширилиш натижалари сарҳисоб қилинди. Ушбу натижаларни кенг тарғиб қилиш, университетлар ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиёт ва меҳнат бозори талабларига мос амалиётга йўналтирилган муҳандислик таълимини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Бугунги кунда университетлар олдида рақамли технологиялар, автоматлаштириш, замонавий материаллар, барқарор ишлаб чиқариш ва инновацион тадбиркорлик соҳаларида юқори компетенцияларга эга янги авлод муҳандисларини тайёрлаш вазифаси турибди. Шу муносабат билан университетлар ва саноат ўртасидаги яқин ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда амалиётга йўналтирилган таълим моделларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Конференция халқаро тажриба алмашиш, замонавий илмий ва технологик ютуқларни муҳокама қилиш, “TEX4FUTURE” лойиҳаси натижаларини намойиш этиш ҳамда университетлар, саноат корхоналари ва халқаро ташкилотлар ўртасида янги ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш учун муҳим халқаро майдон вазифасини бажаради.

Конференцияда мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар тўқимачилик хом ашёсини қайта ишлаш, барқарор тўқимачилик ишлаб чиқариши, инновацион материаллар ва тўқимачилик муҳандислиги, фейшн-дизайн, рақамли технологиялар ва енгил саноатда инновациялар каби асосий йўналишларда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб олишди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА