Енгилмас боксчимиз ҳақида фильм
Пойтахтимиздаги Миллий кино саройида “Енгилмас.Токиога йўл” номли бадиий фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Orient Finans Bank ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда яратилган ушбу фильм тақдимотига ҳар қачонгидан ҳам кўп мухлислар тўпланди. Сабаби, машҳур спортчининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур картина ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Ўзбекистон Кинемотография агентлиги бош директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев юртимизда спорт бўйича ҳам моҳир ёшлар кўплиги, улар ҳақида фильмлар яратиш бугуннинг долзарб вазифаси эканини эътироф этди.
Айтиш керакки, Баҳодир Жалолов — ўзбекистонлик машҳур боксчи, супероғир вазн тоифасида икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони ва профессионал боксда мағлубиятсиз ҳаракат қилаётган спортчи. У ўзининг баланд бўйи (201 см) ва кучли зарбаси билан халқаро миқёсда “Big Uzbek” (“Катта ўзбек”) номини ҳам олган.
Миллатимизнинг бу алп ўғлони боксда эришиш мумкин бўлган барча юқори унвонларга эга чиққан. Икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони. (Токио шаҳрида бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари, Париж шаҳрида 2024 йили бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони). У супероғир вазнда кетма-кет иккита Олимпиадада олтин медаль олган тарихий боксчига айланди.
Шу билан бирга, Баҳодир Жалолов икки карра жаҳон чемпиони (2019 ва 2023 йиллар) ҳамда 2015 йилги чемпионатнинг бронза медали соҳиби. Паҳлавон юртдошимиз Осиё чемпионатида уч карра чемпион (2017, 2019, 2021) ва 2022 йилги Осиё ўйинлари ғолиби. Баҳодир Жалолов спортда қўлга киритган ютуқлари сабабли “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” орденига сазовор бўлган.
“Енгилмас. Токиога йўл” фильми ўз шиддати, таъсирчанлиги билан бир лаҳза бўлса ҳам томошабин хаёли чалғишига ва зерикишга имкон бермайди. Эътиборга молик жиҳати, ушбу картина спортга ва айниқса, боксга умуман қизиқмайдиган томошабинни ҳам ҳайратга солиб қўяди.
Фильм Сурхон воҳасида туғилиб ўсган Баҳодир Жалоловнинг болалиги, спортга қизиқиб қолиши, ота-онасининг қўллаб-қувватлаши, умуман, спортчининг ғоят машаққатли, матонатли, ҳам мағлубият, ҳам ғалабага тўла зафар йўли ҳақида ҳикоя қилади. Олтин медаль, чемпионлик, ғалабалар шунчаки келмаслиги, уларга машаққатли меҳнат, заҳмат, изланиш, машқ, сабот ва ирода, изтироб ва армонлар орқали етиб келиниши фильмда яққол кўрсатиб берилган.
- Фильм менга жуда маъқул бўлди, - деди машҳур боксчи Баҳодир Жалолов. – У тайёр бўлгач, мени намойишга таклиф этишди. Лекин мен бу фильмни катта премьера чоғи, халқимиз билан бирга томоша қилиш ниятида эканимни билдирдим. Фильмда айниқса, отам билан боғлиқ лавҳалардан жуда таъсирландим. Ушбу бадиий фильм ёшларни спортга қизиқтиришда, уларда спортга бўлган меҳрни уйғотишда катта аҳамиятга эга.
- Картинани бошидан охиригача кўз ёш билан кўрдим, - деди спортчининг онаси Сабоҳат Жалолова. – Унда бадиий тўқима эпизодлар ҳам, ҳаётий лавҳалар ҳам бор. Лекин нима бўлганида ҳам, бу фильм ёшларимизга катта мотивация бериши аниқ.
– Спорт йўналишидаги фильмларда ролларни ижро этиш осонликча бўлмайди, - деди фильмда Баҳодир Жалолов сиймосини гавдалантирган актёр Дадахон Обидов. – Тўғриси, шу нақтаи назардан қийинчиликлар ҳам бўлди. Баҳодирнинг ички дунёсини очиб бериш учун наинки унинг ўзи, балки дўстлари, оила аъзолари билан мулоқот қилдим, фикрлашдим. Баҳодир кўпинча мусобақалар билан машғул бўларди-да. Унинг характерини атрофлича ўргандим, маълумотлар тўпладим. Кўп жангларини диққат билан томоша қилдим. Қўли қандай ишлайди, одати, техникаси, ички дунёси қандайлигини пухта ўрганиб чиқдим. Фильм каскадёрлар иштирокисиз суратга олинган. Ҳамма зарбалар ҳақиқий теккан, 11 кун жанг эпизодини суратга олган бўлсак, бари ҳақиқий тасвирга олинган.
Фильмнинг муваффақиятли чиқишида япониялик кино усталарининг ҳам ҳиссаси бор. Картина сценарий муаллифлари – С.Кузминих, Н.Нарзуллаев, С.Аббосов. Саҳналаштирувчи режиссёр – Акром Исаков. Операторлар – Ҳ.Алиев, Б.
Йўлдошев, А.Алейников, Ж.Абдураҳмонов, Б.Бердиев.
Фильмда ролларни Дадахон Обидов, Саида Раметова, Боир Холмирзаев, Филип Рейнхардт, Осаму Ямомото, Масайя Като, Каан Ялчин, Мария Шамшина, Ричадр Ли Уилсон, Эркин Комилов, Жавоҳир Зокиров, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Фарҳод Болтаев, Гулруҳ Пирназарова ва бошқа актёрлар ижро этган.
[gallery-28556]
Мазкур фильм миллий контент сифатида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрўсини янада юксалтириш, спорт соҳасидаги эзгу ислоҳотларни дунё миқёсида тарғиб этишга хизмат қилади. Айни пайтда ушбу картинани бир қатор хорижий давлатларда, шунингдек, Японияда ҳам намойиш этиш кўзда тутилган.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА