Энди юртдошларимиз Италияда 9 ойгача мавсумий ишлаши мумкин
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, Ўзбекистон ва Италия Республикалари қишлоқ хўжалиги вазирлари Иброҳим Абдураҳмонов ва Франческо Лоллобрижида, шунингдек ушбу ҳамкор давлатнинг “Confagricoltura” ташкилоти вице-президенти Лука Бронделли иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғи муҳим келишувга эришилди: Агентлик ва “Associazione Imprese Ortofrutticole“ ассоциацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик битимига кўра, юртдошларимиз Италияга 3-9 ойлик мавсумий ишга жалб этилади.

Мева-сабзавот соҳасидаги 35 дан зиёд йирик компанияни бирлаштирган ушбу тузилма фермерликдан ташқари қайта ишлаш, логистика ва экспорт йўналишларини ҳам қамраб олган тугал агросаноат занжири бўйлаб фаолият кўрсатади. Асосий маҳсулотлари: олма, киви, анор, қулупнай каби оммабоп мевалар.


Ассоциация президенти Марко Салви шу йилнинг ўзидаёқ синов лойиҳаси доирасида 100 нафар ўзбекистонликни иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди.
Г.Сатторова, ЎзА