Элит ОЧЛ: 1-турдан сўнг жадвалдаги вазият қандай?
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумиий босқичида биринчи тур учрашувлари якунланди. Энди иккинчи турда «Пахтакор» Тошкентда «Ал-Қодисия»ни қабул қилса, «Нефтчи» сафарда «Ал-Наср»га қарши баҳс олиб боради.
Элит Осиё чемпионлар лигаси умумий босқичининг илк турини Фарғонада ўтказилган «Нефтчи» ва «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоалари баҳси бошлаб берди. Мазкур учрашувнинг 83-дақиқасида Зоран Марушич томонидан киритилган ягона гол «Нефтчи»га ғалаба келтирди. Шу куни «Пахтакор» Жидда шаҳрида амалдаги чемпион «Ал-Аҳли» меҳмони бўлиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Биринчи турнинг қолган учрашувларида «Ал-Айн» 4:0 ҳисобида «Ал-Наср»ни, «Истиқлол» эса 3:0 ҳисобида «Ал-Садд»ни мағлуб этди. «Ал-Қодисия» – «Ал-Васл» ва «Ал-Ҳилол» – «Ал-Ғарафа» учрашувлари бир хил 2:1 ҳисобида якунланди. Шунингдек, «Шабоб Ал-Аҳли» «Трактор»ни 1:0 ҳисобида енгган бўлса, «Ал-Шамол» ва «Ал-Иттиҳод» баҳсида ғолиб аниқланмади – 1:1.

Шу тариқа, биринчи турдан кейин «Ал-Айн», «Истиқлол», «Ал-Қодисия», «Ал-Ҳилол», «Нефтчи» ва «Шабоб Ал-Аҳли» жамоалари 3 очкодан жамғарди. Голлар нисбатига кўра, мазкур клублар 1–6-ўринларни эгаллади. Ҳисобида 1 очкодан бўлган «Ал-Иттиҳод», «Ал-Шамол», «Пахтакор» ва «Ал-Аҳли» 7–10-поғоналардан жой олди. «Ал-Ғарафа», «Ал-Васл», «Трактор», «Ал-Қува Ал-Жавия», «Ал-Садд» ва «Ал-Наср» эса очкосиз қолди.

Элит Осиё чемпионлар лигаси умумий босқичининг иккинчи тур баҳслари 12–13 октябрь кунлари ўтказилади.
12 октябрь куни «Пахтакор» ўз майдонида «Ал-Қодисия»ни қабул қилади. Шу куни «Ал-Васл» – «Ал-Аҳли», «Трактор» – «Ал-Шамол», «Ал-Ғарафа» – «Истиқлол», «Ал-Наср» – «Нефтчи» ҳамда «Ал-Қува Ал-Жавия» – «Ал-Айн» учрашувлари ҳам бўлиб ўтади.
13 октябрь куни эса «Ал-Садд» – «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Иттиҳод» – «Шабоб Ал-Аҳли» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА