Элчи ҳокимга китоб совға қилди
Қирғиз Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшенқул Чотонов Андижон вилоятида бўлди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Қирғиз Республикаси элчиси билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикалари давлат раҳбарлари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг қамровли ҳамкорлик алоҳида эътироф этилди. Давлатларимиз, қардош халқларимиз ўртасидаги, хусусан, савдо, туризм, таълим ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Айниқса, яқин қўшничилик муносабатларини янада юқори босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди.


Учрашувда Андижон вилояти ва Қирғиз Республикасининг чегарадош ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик кўламини тубдан кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқотда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва янги қўшма инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича манфаатли ва тизимли механизмларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.


Музокаралар якунида шериклик алоқаларини изчил давом эттириш, транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда икки қардош халқ фаровонлиги йўлидаги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Элчи вилоят ҳокимига қирғиз тилида чоп этилган “Шавкат Мирзиёевдин жолу” номли китобни совға қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири