Экологик акциялар кўлами кенгайиб бормоқда
Жиззах вилоятида ўтказилган экологик акциялар бугунги кунда жойларда шаклланган эзгу анъаналарнинг мантиқий давоми сифатида аҳамият касб этмоқда. “Ҳар бир қадам — табиатга малҳам!” шиори остида ташкил этилган плоггинг тадбири нафақат маҳаллий аҳоли, балки кенг жамоатчиликни экологик маданиятни юксалтиришга чорлаётган амалий ҳаракатлардан биридир.
Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгаши ҳамда Шароф Рашидов туманидаги 5-, 22- ва 48-сонли умумтаълим мактаблари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур акция Куёвбоши, Деҳқонобод ҳамда Янги диёр маҳаллалари ҳудудидаги адирликларда ташкил этилди. Унда 150 нафарга яқин экофаоллар иштирок этишиб, ҳудудни чиқиндилардан тозалаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни асраш борасида амалий ишлар олиб боришди.
Муҳими, бундай тадбирлар янги ташаббус сифатида эмас, балки юртимизда сўнгги йилларда изчил йўлга қўйилган экологик ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида намоён бўлмоқда. Айни пайтда ушбу маҳалла ва таълим муассасалари фаол иштирок этган хайрия ва экологияга йўналтирилган ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаб-қувватланиб, турли маҳаллалар ва ёшлар томонидан шундай акциялар мунтазам ташкил этилмоқда.

Бу каби ташаббуслар мамлакатимизда қабул қилинган стратегик ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан ҳамоҳангдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонида экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Жиззахдаги мазкур тадбирлар ана шу мақсадларнинг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, давлат раҳбарининг 2023 йил 30 мартдаги “Аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда жамоатчилик иштирокидаги экологик акциялар кўлами кенгайиб бормоқда.
Плоггинг — спорт ва экологияни уйғунлаштирган замонавий ҳаракат бўлиб, югуриш ёки пиёда юриш жараёнида чиқиндиларни йиғиш орқали атроф-муҳитни тозалашга қаратилган. Жиззахдаги тадбир ҳам айнан шу ғояни илгари суриб, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантиришга хизмат қилди.
Тадбир иштирокчилари ҳудудни тозалаш билан бирга экологик тарғибот ишларини ҳам олиб боришди. Бу эса аҳоли ўртасида экологик онг ва масъулиятни оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Аслида, бундай ташаббусларнинг қиймати уларнинг қаерда бошланганида эмас, балки қанчалик кенг қўллаб-қувватланаётганида намоён бўлади. Жиззахдаги акциялар ҳам шу жиҳатдан ибратли: улар жамоатчиликни бирлаштириб, табиатни асрашни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтаришга хизмат қилмоқда.
Зеро, табиатни муҳофаза қилиш — бу фақат бир кунлик тадбир эмас, балки ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши зарур бўлган устувор вазифадир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири