ЕХҲТнинг ёшлар учун медиа-лагери: дезинформацияга қарши кураш ва рақамли хавфсизлик
Интернет ва ижтимоий тармоқларда учратаётган ахборотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли бўлавермайди. Технологиялар асри одамларни янада яқинлаштириб, зарур маълумотларни бир зумда топиш имконини бермоқда. Бироқ баъзан рақамли муҳит манипуляция, экстремизм ва радикаллашув учун қулай майдонга айланиб қолмоқда.
Ёшларнинг медиа саводхонлигини оширишга қаратилган тизимли ишларнинг узвий давоми сифатида, 2026 йил 27–29 сентябрь кунлари Ўзбекистондаги ЕХҲТнинг лойиҳалар координатори томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Паркент туманида махсус медиа-лагерь ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларида журналистика, кинематография ва дизайн йўналишларида таҳсил олаётган 30 нафар иқтидорли талаба ёшлар иштирок этди. Тадбирда медиа саводхонлик, ахборотни танқидий баҳолаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда рақамли муҳитда дезинформацияни аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Ушбу ташаббус бўлажак журналистлар, кинематографистлар ва дизайнерларга — замонавий медиа майдонини шакллантирадиган ёш мутахассисларга — сохта ахборотни аниқлаш, фактчекинг ҳамда ишончли ва хавфсиз контент яратиш учун зарур билим ва кўникмаларни беради. Бу эса ёшларнинг зўравонлик, экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишдаги фаол иштирокини таъминлайди.
Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова лойиҳанинг аҳамияти юзасидан қуйидагиларни таъкидлади:
«Экстремизм ва радикаллашувга қарши курашда энг самарали қуролимиз — бу ишончли ва холис ахборотдир. Замонавий медианинг вазифаси салбий стереотипларни тарқатиш эмас, балки жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашдан иборат. Журналистлар мураккаб ва нозик мавзуларни профессионал даражада ёритиш учун доимий равишда янги билимларни эгаллаб бориши, бунда касб ахлоқи меъёрлари ва инсон хавфсизлигини ҳар дақиқада ёдда тутиши зарур».


Уч кун давомида иштирокчилар интерактив машғулотларда қатнашиб, реал кейсларни таҳлил қилдилар ҳамда соҳа экспертларидан маҳорат сабоқларини олдилар. Тренингларда рақамли хавфсизлик, контент тайёрлашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, муқобил ахборот нарративларини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Талабалар интернетдаги кундалик хатти-ҳаракатларимиз рақамли майдондан ташқарида ҳам инсонлар ва жамият ҳаётига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигини таҳлил қилдилар.



Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Шамсиддин Талиббоев ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, қуйидагиларни қайд этди:
«Интернетдан шунчаки фойдаланишни билишнинг ўзи етарли эмас. Ўз ҳаракатларимизни ва уларнинг бошқаларга таъсирини танқидий баҳолай олиш ҳам жуда муҳим. Бошқа шахснинг контентини унинг розилигисиз эълон қилиш ёки тарқатиш реал зарар етказиши мумкинлигини англашимиз ва кибербуллингга асло йўл қўймаслигимиз керак».
ЎзА