ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ишонч муҳитини мустаҳкамлашдаги ролини эътироф этди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеяси Раиси Пере Жоан Понс Сампьетро бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ва миграцияни тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
П.Сампьетро Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини ривожлантиришдаги муҳим ролини эътироф этди.
Делегация аъзолари Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда одам савдосига қарши курашиш борасидаги тажрибасини эътиборга лойиқ эканини таъкидлади.

Бу йўналишларда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.
Томонлар фуқароларнинг хорижда меҳнат қилиш ҳуқуқи ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш ҳамда Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазият масалалари юзасидан фикр алмашди.
Н.Абдураимова,
ЎзА