Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Трамп: Эрон билан тез орада келишув бўлиши мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан можарони якунлаш бўйича келишув “яқин орада” имзоланиши мумкинлигини билдирди. У ҳатто “режим алмашгани”ни даъво қилди, бироқ расмий Теҳрон Вашингтонни музокаралар ортида қуруқликдан ҳужум тайёрлашда айблаб, кескин баёнотлар бермоқда.
Шу билан бирга, ҳужумлар давом этмоқда: Эрон кеча Кувайт ва Саудия Арабистонига зарбалар берди, Теҳронда эса электр узилишлари кузатилмоқда. Ҳудудга АҚШ ҳарбий кучлари ҳам жўнатилмоқда, бу эса вазият бир вақтнинг ўзида ҳам музокара, ҳам эскалация босқичида эканини кўрсатмоқда.
Финляндияда номаълум дронлар…

Финляндиянинг жануби-шарқида жойлашган Куовола шаҳри яқинида иккита номаълум дрон уриб туширилди ва бу ҳолат “ҳудудий бузилиш” сифатида баҳоланмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлигига кўра, дронлар паст баландликда ҳаракатланган ва ҳарбийлар уларни аниқлаш учун махсус қирувчи учоқларни ҳавога кўтарган.
Ўлка бош вазири Петтери Орпо бу дронлар Украинага тегишли бўлиши мумкинлигини, аммо Россия томонидан сигналлар бузилгани сабаб йўналишдан адашган бўлиши эҳтимолини айтди. Расмийлар ҳолатни жиддий қабул қилаётганини ва барча тафсилотлар аниқлангандан сўнг қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.
Исроил Ғарбийсоҳилда кўчманчилар зўравонлигига қарши чора кўради

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху идораси Ғарбий соҳилдаги яҳудий кўчманчилар зўравонлигига қарши кескин чоралар кўриш бўйича махсус кўрсатма берди. Ҳужжатга кўра, армия Ливандаги операциядан айрим кучларни олиб, вазиятни назорат қилиш учун Ғарбий соҳилга йўналтиради. Шунингдек, янги ноқонуний шаҳарчалар қурилишига чекловлар қўйилиши ва қоидабузарларга иқтисодий санкциялар жорий этилиши режалаштирилган.
Бу қарор Нетаньяху ҳукумати учун ноодатий қадам сифатида баҳоланмоқда, чунки аввал кўчманчилар зўравонлиги кўпинча алоҳида ҳолат сифатида талқин қилинар эди. Расмийлар “Hilltop Youth” каби радикал гуруҳларга қарши ҳам алоҳида чоралар кўришмоқда. Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, 2025 йилда Ғарбий соҳилда зўравонлик ҳолатлари кескин ошган ва бу муаммо ҳали ҳам жиддий хавф сифатида сақланиб қолмоқда.
АҚШда “No Kings” намойишлари…

Қўшма Штатлар ва дунё бўйлаб “No Kings” шиори остида ўтган оммавий намойишларда миллионлаб одамлар президент Дональд Трамп сиёсатига қарши кўчага чиқди. Ташкилотчиларга кўра, 50 штат бўйлаб 3 300 дан ортиқ акцияларда камида 8 миллион киши иштирок этган. Намойишчилар Трампнинг авторитар услуби, миграция сиёсати, иқлим ўзгаришига муносабати ва Эрон билан боғлиқ уруш сиёсатига эътироз билдирган.
Акциялар асосан тинч ўтган бўлса-да, айрим шаҳарларда ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди. Европа шаҳарларида ҳам қўллаб-қувватлов намойишлари ўтказилди, бу эса АҚШдаги сиёсий бўлиниш халқаро майдонда ҳам акс этаётганини кўрсатмоқда. Оқ уй эса бу намойишларни танқид қилиб, уларни сиёсий рақиблар томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳаракат деб баҳолади.
Крит яқинида 22 мигрант ҳалок бўлди

Грециянинг Крит ороли яқинида Европа томон йўл олган мигрантлар қайиғида 22 киши ҳалок бўлди, 26 нафар эса қутқарилди. Қайиқ Ливиянинг Тобрук шаҳридан йўлга чиққан бўлиб, олти кун давомида озиқ-овқат ва сувсиз қолган. Омон қолганлар орасида аёл ва вояга етмаган шахс ҳам бор, жабрланганлар шифохоналарга жойлаштирилди.
Тирик қолганлар маълумотига кўра, сафар давомида ҳалок бўлганларнинг жасадлари контрабандачилар буйруғи билан денгизга ташланган. Греция ҳукумати икки нафар гумонланувчини қўлга олди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Мутахассислар таъкидлашича, бу каби фожиалар сони жорий йилда кескин ошган бўлиб, миграция йўналишларида хавф тобора кучаймоқда.
Қатар ва Украина мудофаа келишувини имзолади

Президент Владимир Зеленскийнинг Доҳадаги ташрифи доирасида Қатар ва Украина мудофаа соҳасида ҳамкорлик келишувини имзолади. Бу келишув Зеленскийнинг Форс кўрфази давлатлари бўйлаб сафари доирасида амалга оширилиб, асосий эътибор Эрон дронларига қарши кураш ва хавфсизлик ҳамкорлигига қаратилган. Украина бу йўналишда ўз тажрибасини таклиф қилиб, минтақада янги стратегик шерикликларни шакллантирмоқда.
Зеленский Саудия Арабистони ва БАА билан ҳам шундай келишувларга эришганини маълум қилди. Украина мутахассислари аллақачон минтақада фаолият юритмоқда ва дронларга қарши самарали тизимлар жорий этилмоқда. Бу ҳамкорлик Киев учун ҳаво ҳужумларидан ҳимояни кучайтириш имконини берса, Кўрфаз давлатлари учун замонавий мудофаа технологияларини олиш имкониятини яратмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА