Дунё бозорида ғалла қимматлашдими?
Қора денгизда Украина ғалласи экспортига тўсиқ кўпайиши ортидан жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи яна ошиши мумкин. Киев ҳисоб-китобига кўра, ғалла қимматлашуви шу суръатда давом этса, бир йил ичида дунё истеъмолчилари зиммасига 60 миллиард долларгача қўшимча харажат тушади.
Украина аграр сиёсати ва озиқ-овқат вазири Тарас Висоцкий маълум қилишича, ғалла нархи аллақачон ўртача 25 фоиз кўтарилган. Бу ҳолат Қора денгиздаги Киев кемалари ва экспорт инфратузилмасига ҳужум кучайгани билан боғлиқ. Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 90 фоизи ташқи бозорга шу йўналиш орқали чиқади. Мамлакат ичидаги сақлаш манзилларига зарба ҳам кучайган. Киев ҳосилни харидорга етказиш учун ЕИ ташкил этган муқобил транспорт йўлакларидан фойдаланишни кенгайтирмоқда.
Шу билан бирга Украина Қора денгизда фуқаролар юки, жумладан ғалла ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишувга тайёрлигини билдирган. Висоцкий эҳтимолий битимнинг барқарорлигига шубҳа билан қарамоқда: Москва билан тузилган ҳар қандай меморандумдан кейин ҳам Россия эртасига қандай ҳаракат қилишини олдиндан ишонч билан айтиб бўлмайди. Украина расмийлари халқаро ҳамкорлар билан музокарани давом эттираётган бир пайт Қора денгиздаги вазият нафақат экспорт, балки жаҳон озиқ-овқат бозоридаги нархга ҳам босимни кучайтиради.
Мусулмон Зиё, ЎзА