“Дўстлик кўприги” — халқлар ва маданиятларни бирлаштирган кўргазма
Тошкентда Туркманистон рассомларининг ноёб асарлари кўргазмаси очилди. Ушбу маданий тадбир икки қардош халқнинг бой тарихи ва муштарак қадриятларини намоён этади.
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвонсаройида туркман рассомлари асарларидан иборат “Дўстлик кўприги” номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
2026 йил Туркманистонда “Мустақил, бетараф Туркманистон — мақсад сари интилувчи қанотли тулпорлар ватани” шиори остида ўтмоқда. Кўргазма ушбу шиор номи билан ташкил этилди, шунингдек, ҳар йили 12 декабрь куни нишонланадиган Халқаро бетарафлик кунига бағишланди.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон Республикасидаги Туркманистон элчихонаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Туркманистон Рассомлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, дипломатик корпус аъзолари, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижодий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Экспозициядан 16 нафар туркман рассомининг рангтасвир ва графика асарлари ўрин олган. Уларда туркман халқининг бой тарихи, миллий анъаналари, маънавий қадриятлари, урф-одатлари ва замонавий ҳаёти бадиий талқин этилган. Айниқса, миллий либослар, хотин-қизлар қиёфаси, халқнинг ўзига хос турмуш тарзи ва маданий мероси тасвирларида миллий руҳ яққол намоён бўлади. Кўргазмада Чингиз Тораевнинг “Содиқ дўстлик”, Довлетгелди Акиевнинг “Бахт дарахти”, “Жанг I”, “Осмон бўриси”, Мақсат Худойбердиевнинг “Безакли натюрморт”, Мердан Нурмедовнинг “Шарқ гўзали”, Мухаммед Ғубиевнинг “Дуо туш”, Жумамурад Ғурбановнинг “Осмон тулпорлари”, Кабе Ишанкулиеванинг “Менинг шиддатли Ватаним” каби асарлари намойиш этилмоқда.
[gallery-32667]
Ушбу асарларда Туркманистоннинг тарихий ўтмиши, миллий ўзлиги, маданий мероси ва “Буюк ипак йўли” билан боғлиқ тарихий манзаралар ҳам ўз ифодасини топган. Ҳар бир ижодий ишда рассомнинг Ватанга муҳаббати, миллий қадриятларга ҳурмати ва халқ тарихига бўлган муносабати сезилади.
— Туркманистон рассомлари ҳақида жуда кўп яхши фикрларни билдириш мумкин. Уларнинг ижоди менга яқин, чунки ижодий йўналишларимиз бир-бирига ҳамоҳанг. Айниқса, реализм йўналишида, тарихий жанрда ижод қиладиган маҳоратли рассомлар кўп. Ғояларимиз, бадиий қарашларимиз яқинлиги, асарларимизнинг тарихий мавзуларга йўналтирилгани боис ўзаро дўстлик ва ижодий алоқаларни йўлга қўйганмиз. Эътиборлиси, Туркманистонда реализм мактаби ўз анъаналарини сақлаб қолган. Бошқа йўналишларда ижод қилаётган рассомлар ҳам юксак маҳоратга эга. Уларнинг асарларига назар ташласангиз, ҳар бирида туркман халқининг нафаси, миллатнинг ғурури, тарихи ва қадриятларини ҳис этасиз, — деди рассом Масъуд Холов.
Дарҳақиқат, Дўстлик кўприги кўргазмаси икки қардош халқнинг бой маданий мероси, муштарак қадриятлари ва санъатга бўлган эҳтиромини намоён этувчи муҳим маданий мулоқот майдонидир. Бундай ижодий учрашувлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, рассомлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқларимизнинг маънавий яқинлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Кўргазма 27 ноябрга қадар давом этади.
Мунира Рамазонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, санъатшунос