Депутат Яккасарой ва Янгиҳаётда аҳоли муаммолари ҳамда лойиҳаларни ўрганди
Халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари давомида ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишилмоқда.
Аҳоли вакиллари билан учрашувларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева Яккасарой ва Янгиҳаёт туманларида бўлиб, маҳаллаларда ободонлаштириш ишларининг бориши билан яқиндан танишди, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди.
Халқ вакили дастлаб Яккасарой тумани “Мерос” маҳалласидаги муаммолар ва аҳоли эҳтиёжларини ўрганди. Маҳаллада нуронийлар учун чойхона барпо этиш зарурати борлиги аниқланди. Объектни қуриш учун қулай бўш ер майдони мавжуд бўлиб, уни ташкил этиш бўйича ҳуқуқий кўмак сўралди.
Ҳудуднинг зич жойлашгани ҳисобга олиниб, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти атрофида болалар ва фуқаролар учун хавфсиз пиёдалар йўлагини ташкил этиш масаласи ўртага ташланди.
Янгиҳаёт туманидаги “Янги Чоштепа” маҳалласидаги ўрганишлар давомида эса "Ташаббусли бюджет" асосидаги ишлар кўздан кечирилди. Лойиҳада белгиланган ҳисоб-китоблар, янги спорт ва болалар майдончаси ҳамда пиёдалар йўлакчаларининг қурилиш сифати ўрганилди.
Лойиҳанинг белгиланган талаблар асосида, пухта ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан ҳокимлик мутасаддилари билан муҳокамалар ўтказилди.
М.Комилова, ЎзА