Давлатимиз раҳбарининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди.
8 октябрь куни давлатимиз раҳбари “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди. Президентимиз саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва янги технологияларни жорий этиш, энергетика, сув ресурслари ва экология масалаларини биргаликда ҳал қилиш бўйича таклифларни илгари сурди. Учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Саммит доирасида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказилди. Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолангани музокараларнинг муҳим натижаси бўлди. Давлатимиз раҳбари Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан ҳам учрашди ва МДҲ мамлакатлари делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Миллий таомлар фестивалига ташриф буюрди.

9 октябрь куни Президентимиз МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида савдо ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, транспорт алоқаларини ривожлантириш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича таклифларни илгари сурди. Мамлакатимиз етакчиси саммитнинг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистоннинг 2027 йилдаги МДҲга раислигининг устувор йўналишларини баён қилди. Саммит якунида ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Тадбирлар якунлангач, Туркманбоши шаҳри аэропортида Ўзбекистон Президентини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Ботир Аннаев ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.