Давлат харидларига оид қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат давлат харидлари соҳасида шаффофликни таъминлаш ва рақобат муҳитини кенгайтириш, харид қилиш тартиб-таомилларини хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини давлат харидларида янада фаол иштирок этишга кенг жалб қилишга қаратилган.
[gallery-31915]
– Қонун лойиҳасида давлат харидлари натижалари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар ҳақидаги маълумотларни Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар таркибига киритиш, харидлар доирасида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар бўйича маълумотларни ҳудудлар кесимида очиқлаш назарда тутилмоқда, – деди депутат О.Мусулмонов. – Шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланмоқда. Бу соҳада ҳисобдорлик ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, такрорий аукцион, танлаш ва тендерларда ягона иштирокчи билан боғлиқ тартибларни аниқ белгилаш, бюджет буюртмачиларининг давлат харидларида преференция қўлланилиши мумкин бўлган маҳаллий субъектлар доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Мажлисда таъкидланганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, иш бажарувчилар ва хизмат кўрсатувчиларни қўллаб-қувватлаш, такрорий харидларда ягона иштирокчи билан боғлиқ тартибларни аниқ белгилаш ҳамда давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини кучайтиришга қаратилган нормалар такомиллаштирилди.
Қонун лойиҳасидаги нормалар давлат харидларида рақобат ва шаффофликни ошириш, маҳаллий тадбиркорларнинг харидларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга хизмат қилади.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди, айрим эътирозлар билдирилди. Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар берилди ҳамда қонун лойиҳаси такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА