Давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатиб, ёш авлод камолоти йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Наманган вилоятидан ҳам беш нафар соҳа вакили юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.
Наманган шаҳридаги «Маърифат маскани»да ана шу юксак эътироф соҳибларига орден ва медалларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда соҳа фахрийлари, фаоллар, ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-31730]
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталди.
Шунингдек, вилоят раҳбари давлат мукофотлари билан тақдирланган устозларни самимий қутлаб, уларнинг кўп йиллик шарафли меҳнати, касбига садоқати ва ёш авлод тарбиясига қўшаётган муносиб ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг юксак давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Маросимда устозларнинг касбий фаолиятига ҳурмат ва эҳтиром, уларнинг меҳнатига юксак баҳо руҳи намоён бўлди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА