“Дакар-2026” ёшлар Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини кимлар ҳимоя қилади?
Бугун, 31 октябрь куни Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида ёшлар ўртасидаги IV ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
200 дан зиёд давлатнинг 2 минг 700 нафарга яқин спортчилари иштирок этаётган бу галги ёшлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинлари мусобақалари 25 та спорт тури бўйича ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон спорт делегациясининг 19 нафар аъзоси ёшлар ўртасидаги IV ёзги Олимпия ўйинларининг 11 та турида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

Ёшлар Олимпиадасида навқирон боксчиларимиздан Иброҳим Шокиржонов (-65), Сабрина Чакомонова (-54), Рушанабону Исоева (-60), дзюдочимиз Жўрабек Эшпўлатов (-100), таэквондо WТ йўналишида Асадбек Самандаров (-55), сузиш мусобақаларида Муҳаммадисмоил Раҳмонов (50 м брасс, 100 м брасс, 200 м брасс) ва Паризод Абдукаримова (50 м эркин, 50 м чалқанча, 100 м чалқанча), қиличбозликда Наргиза Утебаева (сабля, яккалик), камондан отишда Бекзод Боборажабов (яккалик), спорт гимнастикасида Ярослава Чернобровкина (яккалик, кўпкураши), енгил атлетикада Паризода Талабова (найза улоқтириш), Шодиёна Раҳмонова (400 м тўсиқлар оша), Насимахон Маъмирова (2000 м тўсиқлар оша), Нигинабону Ражабова (100 м тўсиқлар оша), Шаҳзодбек Холмуродов (уч ҳатлаб сакраш), Мунаввар Холтўраева (1500 м югуриш), ушуда Гулираъно Холмўминова (таолу), триатлонда Абилайхан Ўринбосаров (яккалик), велошосседа Гулҳаё Сатторова (гуруҳ пойгаси, вақт пойгаси) мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Бугун Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо, бейсбол, сузиш мусобақалари ўтказилади.
Ёшлар олимпиадаси мусобақалари 13 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА