Чорвада барака: сутчиликда янги давр ва замонавий ёндашувлар (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
“Чорвада барака бор”, дейди донишманд халқимиз. Зеро, хонадондаги биргина соғин сигир ҳам оила фаровонлигининг асосидир. Бугун аҳолининг сут, қатиқ, сариёғ ва сузмага бўлган кундалик эҳтиёжи тармоқни тубдан ривожлантиришни талаб этмоқда. Маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда озиқ-овқат саноатида қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш эса соҳага замонавий технологияларни фаол жорий этиш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш билан чамбарчас боғлиқ.
Хоразм вилояти сут етиштириш салоҳияти юқори ҳудудлардан саналади. Ҳудудда чорвачиликни ихтисослаштириш, сутни саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, умумий қиймати 11 миллион долларни ташкил этувчи “Тилло домор” корхонаси орқали йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Корхона Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, халқимиз дастурхонига сифатли маҳсулотларни етказиб беришда етакчилик қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи доирасида жорий йил 17 август куни Урганч туманидаги “Тилло домор” корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишган эди.

– Бугунги кунда корхонамизда пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ, кефир каби 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Тилло домор” корхонаси сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлими раҳбари Умарбек Шарипов. – Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан харид қилинади. Бу, ўз навбатида, чорвачилик билан шуғулланаётган аҳоли учун барқарор сотув бозорини яратишга хизмат қилмоқда.
Корхонада 120 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш мажмуасида 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Келгусида яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА