
Бухоро вилоятидаги “Қоровулбозор қоракўлчилик” корхонаси 1974 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда бу ерда 25 минг бош қоракўл қўйлари парваришланмоқда. Шулардан 16 мингтаси она қўйлардир. 98 минг гектар яйлов ери бўлган қоракўлчилик ширкатида 123 нафар ходимлар меҳнат қилаётир.
– Парваришланаётган қоракўл қўйлари учун 220 тоннадан ортиқ кучли озуқа захираси ҳамда 100 тоннадан ортиқ озуқа хашаклари жамланган, – дейди жамият раҳбари Аҳмад Ибрагимов.
Қиш қировли кунларда Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов “Қоровулбозор қоракўлчилик” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Туман ҳокими мавжуд озуқа захирасини кўздан кечирди. Совуқ об-ҳаво шароитида қўйларни парваришлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Аномал совуқ сабаб Қоровулбозор чўлларида ҳаво ҳарорати пасайгани чўлдаги чўпонларга қийинчиликр туғдирмоқда.
Шу мақсадда туман ҳокими Акмал Остонов чўл ҳудудида қўй боқиш билан шуғулланаётган чўпонлар ҳолидан хабар олди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Туман ҳокими чўпонлар билан суҳбатлашди. Уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди. Таклифлар асосида чўл ҳудудида чорва молларини суғориш мақсадида қудуқлар қазилиши таъкидланди. Саҳро бағрида қазиладиган ушбу қудуқлар бошқаларидан фарқ қилади. Мазкур қудуқдан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси ёрдамида сув чиқарилади.

Ўрганишлар жараёнида туман ҳокими масъулларга совуқ об-ҳаво шароитида чўпонларга зарур шароитларни яратиш ҳамда қоракўл қўйларини янада кўпайтириб, сифатини яхшилаш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Зариф Комилов,
ЎзА