Чим устида хоккей: Ўзбекистон жамоаси Осиё ўйинлари йўлланмасига эга чиқди
Таиланднинг Бангкок шаҳрида чим устида хоккей бўйича эркаклар терма жамоалари ўртасида ўтказилаётган Осиё ўйинларига саралаш турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муддатидан аввал қитъа ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.
Турнирда “А” ва “Б” гуруҳларига тақсимланган Осиёнинг 9 та миллий терма жамоаси ёзги Осиё ўйинлари йўлланмалари йўлида кураш олиб бормоқда.
Саралаш мусобақаларининг “Б” гуруҳидан жой олган Ўзбекистон чим устида хоккей жамоаси Шри-Ланка, Бангладеш, Хитой Тайпейи жамоалари билан куч синашди.

Гуруҳ босқичининг илк баҳсида ҳамюртларимиз Шри-Ланка жамоасига 3:1 кўринишида имкониятни бой берди. Иккинчи ўйинда Хитой Тайпейи устидан 8:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учинчи турда мамлакатимиз вакиллари Бангладеш жамоаси билан дурангга эришган (1:1) бўлса, юртдошларимизни 1-турда кичик фарқ билан мағлуб этган Шри-Ланка хоккейчилари Хитой-Тайпейи жамоасидан 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Ушбу натижалар туфайли Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал ёзги Осиё ўйинлари йўлланмасига эга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинларида 45 та мамлакат вакиллари 41 та спорт тури бўйича кечадиган баҳсларда иштирок этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА