Бухорода устоз ва мураббийлар шарафланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳрида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда мактабгача, мактаб ва профессионал таълим муассасалари педагоглари, давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари, соҳа ходимлари ҳамда фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий қутлаб, уларнинг ёш авлодга таълим-тарбия бериш, билимли, юксак маънавиятли ва ватанпарвар кадрларни вояга етказишдаги фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этди.
[gallery-31739]
Юртимизда таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшларни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, педагоглар зиммасидаги муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Байрам тадбири доирасида таълим-тарбия сифатини юксалтириш, муассасалар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ педагоглар ва профессор-ўқитувчиларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ устоз ва мураббийлар «Халқ таълими аълочиси» ва «Ижтимоий ҳимоя фидойиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Тантанали маросимда устоз ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрни, ёш авлод камолоти йўлидаги шарафли ва масъулиятли фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Байрам тадбири санъаткорлар ва ижодкорлар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА