Бутунжаҳон бош мия фалажи ҳақида хабардорлик куни
Ҳар йили 6 октябрь санаси дунё миқёсида Бутунжаҳон бош мия фалажи ҳақида хабардорлик куни сифатида кенг нишонланади
Бош мия фалажи (ДЦП) — аксарият ҳолларда туғма ёки гўдаклик даврининг илк босқичида юзага келадиган ҳолат. Тиббиётда ДЦПнинг қарийб 85-90 фоизи туғруққача бўлган даврда ёки бевосита туғруқ жараёнида миянинг зарарланиши оқибатида келиб чиқиши исботланган. Бу кўп ҳолларда бола шу диагноз билан туғилиши ёки ҳаётининг биринчи йилида аломатлар намоён бўлишини англатади, аммо бу тўлиқ генетик касаллик эмас, балки миянинг шаклланиш жараёнида юзага келган ташқи ёки ички салбий омиллар натижасидир. ЖССТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар 500 нафар янги туғилган чақалоқдан 1–2 нафарида бу ҳолат кузатилиб, ер юзида ДЦП билан яшаётган инсонларнинг умумий сони 17 миллиондан ортиқни ташкил этади.
– Миянинг шикастланишига олиб келувчи сабаблар асосан учта даврга бўлинади. Ҳомиладорлик даврида (туғруққача) онанинг қизамиқ, цитомегаловирус, токсоплазмоз каби инфекцияларни юқтириши, ҳомиланинг она қорнида сурункали гипоксияга учраши, йўлдош фаолиятининг бузилиши, оғир токсикозлар, қон босимининг кескин ошиши ҳамда ота-она ва бола қон гуруҳи ёки резус-факторининг мос келмаслиги хавф туғдиради, – дейди болалар невропатологи Сайёра Раупова. – Туғуруқ жараёнида эса муддатидан олдин (эрта) туғилиш — эрта туғилган чақалоқларнинг мия қон томирлари ўта нозик бўлгани учун қон кетиш хавфи юқорилиги, ўткир кислород етишмаслиги (асфиксия), киндик ҳалқасининг бўйинга ўралиб қолиши ёки туғруқнинг жуда оғир кечиши сабаб бўлади. Туғуруқдан кейинги даврда гўдакнинг боши қаттиқ жароҳатланиши, мия ва унинг қобиқларининг яллиғланиши (менингвит, энцефалит) ёки чақалоқларнинг оғир сариқ касаллиги мия ҳужайраларини заҳарлаб, ушбу синдромни келтириб чиқариши мумкин.
Шифокорнинг сўзларига кўра, ДЦПнинг олдини олиш ҳар доим ҳам тўлиқ мумкин эмас, чунки айрим факторлар кутилмаганда юз бериши мумкин, аммо тиббий тавсияларга қатъий амал қилиш орқали бу хавфни кескин камайтириш имконияти мавжуд. Бунинг учун аёллар ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин барча инфекцияларга қарши текширувдан ўтиши, зарур витаминларни қабул қилиши ва шифокор назоратида бўлиши шарт. Шунингдек, ҳомиладорлик вақтида грипп каби юқумли касалликлардан эҳтиёт бўлиш, туғуруқни малакали мутахассислар назорати остидаги замонавий перинатал марказларда ўтказиш жуда муҳимдир. Бола туғилганданоқ ундаги ҳар қандай неврологик ўзгаришлар, сариқ касаллиги ёки безовталикларни эрта босқичда аниқлаб, дарҳол профилактик реабилитация ва даво чораларини бошлаш мия фаолиятини тиклашда катта аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда нейронаука ва генетика соҳасидаги улкан ютуқлар ДЦПга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб, нейропластиклик феноменига, яъни мия ҳужайраларининг ўзини қайта тиклаш ва вазифаларни бошқа ҳужайраларга узатиш қобилиятига таянмоқда. Замонавий тиббиёт гўдак ҳаётининг илк ойларидаёқ махсус нейровизуализация усуллари орқали миядаги микроўзгаришларни аниқлаб, амалиётга роботлашган қурилмалар, экзоскелетлар, виртуаль реаллик технологиялари ва ботулинотерапия усулларини кенг жорий этмоқда.
– Бу жараёнда невролог, ортопед, логопед, дефектолог ва психологларнинг мультидисциплинар жамоа бўлиб ишлаши ҳамда жисмоний машқлар билан биргаликда эрготерапияга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, оиланинг психологик барқарорлиги ва ота-оналар учун руҳий кўмак боладаги ижобий динамикани тезлаштирувчи асосий омиллардан биридир, – дейди С.Раупова.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган инсонлар, хусусан, ДЦП диагнози бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий-социал ёрдам сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Республика бўйлаб ихтисослаштирилган тиббий марказлар, болалар миллий тиббиёт марказлари ҳамда ҳудудий реабилитация бўлимларининг моддий-техник базаси тубдан янгиланиб, эрта босқичда аниқлаш скрининг марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Инклюзив таълим тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали махсус эҳтиёжли болаларни оддий мактаб ва боғчаларга жалб этиш, улар учун махсус педагоглар ва мослаштирилган ўқув дастурларини яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. ДЦП билан оғриган болаларни парваришлаётган ота-оналар учун ижтимоий нафақаларнинг оширилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар уларнинг жамиятда фаол ҳаёт кечиришига кенг йўл очади.
Бош мия фалажи ҳаётга бошқача ракурсдан қараш, янгича куч ва матонат талаб қиладиган йўлдир. Замонавий тиббиёт ютуқлари, давлат ғамхўрлиги ҳамда жамиятнинг онгли ва меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлишигина бундай инсонларнинг ҳаёт сифатини буткул ўзгартириб юбориши мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА