Бош вазир ўринбосари талабалар ҳузурида
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Урганч давлат университетида талаба-қизлар билан учрашди.
Раҳбар ва ёшлар учрашувида юртимизда ёшларга, хусусан, қизларнинг таълими, касбга йўналтирилиши ва жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Ёшларнинг етакчилик салоҳиятини ошириш, уларни давлат ва жамоат бошқарувида фаол иштирок этишга ундаш, шунингдек, гендер тенглиги ва ҳуқуқий онгни ривожлантириш масалалари қайд этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши, пухта таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Мулоқот давомида Бош вазир ўринбосари қизларни оилага тайёрлаш, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, аввало, ҳаётий тажриба ва масъулиятни ҳис этган ҳолда оила қуриш муҳим экани алоҳида таъкидлади.

– Бу учрашув мен учун шунчаки тадбир эмас, балки катта ҳаётий дарс бўлди, – дейди Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси, талаба Ирода Раҳимова. – Аёл киши жамиятда фақат кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи бўлиши керак эканлигини, президентимиз томонидан бизга берилаётган имкониятлар, грантлар ва хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор ҳақида гапирилганда, зиммамиздаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қилдим. “Сизлар эртанги куннинг раҳбарларисиз”, деган гаплари менга жуда катта куч берди.

Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда талаба-қизлар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол қатнашди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири