Болажонлар камолоти сари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, янги муассасалар барпо этиш ва мавжудларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишлар Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида ҳам изчил давом этмоқда. Айни пайтда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфида 39 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Шундан 19 таси давлат, 15 таси оилавий ва 5 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги муассасалардир.
Бугунги кунда туман бўйича 4 минг 78 нафар бола мактабгача таълимга қамраб олинган бўлиб, қамров даражаси 76,9 фоизни ташкил этади. Мазкур кўрсаткични янада ошириш, болалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳудудда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тахиатош туманида қатор янги мактабгача таълим ташкилотлари бинолари барпо этилмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида тумандаги “Кенегес”, “Янги макон” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда “Нурли келажак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида учта янги мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун муносиб туҳфа бўлди.
“Нурли келажак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган 21-давлат мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-монтаж ишлари “Нукус Эркин қурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 4,6 миллиард сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилиб, бунёдкорлик ишлари бажарилди.
[gallery-31456]
Янги муассасанинг фойдаланишга топширилиши ҳудудда истиқомат қилувчи ота-оналар учун қулайлик яратди. Бу ерда болаларнинг замонавий талаблар асосида таълим-тарбия олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва қобилиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратилган.
Тахиатош туманида барпо этилаётган янги мактабгача таълим ташкилотлари болаларни мактабга тайёрлаш, уларнинг таълим олиши учун қулай муҳит яратиш ва мактабгача таълим билан қамров даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА