Боланинг манфаатлари қонун назоратида
Бола энди катталар қарорининг объекти эмас, балки ўз ҳуқуқларига эга шахс. Қонунчиликдаги янги ёндашув фарзандларнинг энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу жамият учун нимани англатади?
Бола жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож, айни пайтда энг қимматли аъзосидир. Унинг бугунги ҳаёти, тарбияси, таълими, соғлиғи ва хавфсизлиги эртанги жамиятнинг қандай бўлишини белгилайди. Шу маънода бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш оиланинг ёки бирон-бир ташкилотнинг эмас, балки бутун жамият ва давлатнинг муҳим вазифасидир.
2026 йил 1 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 156-сон Қонуни ана шу мақсадга хизмат қилади. Қонун билан айрим ҳужжатларга бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг болаларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хўш, мазкур қонуннинг энг муҳим жиҳати нимада?
Дастлаб боланинг манфаатлари хусусида. Боланинг манфаатлари нима? Оддий қилиб айтганда, боланинг манфаатлари – унинг соғлом, хавфсиз, муносиб ва фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қиладиган ҳуқуқ ва эҳтиёжларидир. Масалан, боланинг оилада тарбияланиши, таълим олиши, соғлиғини сақлаши, хавфсиз муҳитда яшаши, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, ўз фикрини билдириши – буларнинг барчаси унинг манфаатларига дахлдор. Бироқ ҳаётда болага дахлдор масалалар кўпинча мураккаб бўлади. Айниқса, ота-она ўртасида низо келиб чиққанда, ажрашиш, боланинг ким билан яшаши, васийлик ва ҳомийлик, фарзанд тарбияси, оилавий низолар ёки зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда турли манфаатлар тўқнашади.
Мазкур Қонун билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга янги тушунча киритилди. Унга кўра, боланинг энг устун манфаатлари – боланинг Конституция, қонунлар ва халқаро шартномаларда белгиланган ҳуқуқларидан, жумладан оила ғамхўрлигида ўсиб-улғайиш, фаровон яшаш, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, билим олиш, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиш, шахсий дахлсизлик, шаън ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлигига бўлган ҳуқуқларидан, шунингдек унинг ижтимоий, ахлоқий манфаатлари ҳамда ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланадиган ва ҳимоя қилинадиган манфаатлардир.
Энг муҳим жиҳати шундаки, бу манфаатлар боланинг иштироки ва унинг фикри инобатга олинган ҳолда белгиланади. Демак, “боланинг энг устун манфаатлари” дегани фақат “бола учун яхши бўлган нарса” деган умумий тушунча эмас. Бу муайян вазиятда боланинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги, соғлиғи, руҳий ҳолати, таълими, оилавий муҳити, шахсий хусусиятлари ва унинг ўз фикри ҳисобга олинган ҳолда айнан шу бола учун энг мақбул қарорни танлаш деганидир.
Нима ўзгарди?
Аввалги қонунчиликда кўплаб нормаларда “боланинг манфаатлари” деган тушунча қўлланилган бўлса, янги қонун билан қатор нормаларда бу ифода “боланинг энг устун манфаатлари” тарзида мустаҳкамланди. Хусусан, Оила кодексида болага оид кўплаб масалаларда “боланинг манфаатлари” тушунчаси “боланинг энг устун манфаатлари” билан алмаштирилди. Шунингдек, оилада болага тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда унинг ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқи янада аниқ белгилаб қўйилди. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ҳам болага таъсир кўрсатадиган ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда унинг фикрини эркин ифода этиши, шунингдек суд ёки маъмурий муҳокамада сўзлаши ҳуқуқи мустаҳкамланди.
Бу нимани англатади? Масалан, ота-она ўртасида низо юзага келса, масала фақат “қайси томон ҳақ?” деган савол билан чекланиб қолмаслиги керак. Аввало, қабул қилинаётган қарор болага қандай таъсир қилади? Унинг хавфсизлиги, руҳий ҳолати, таълим олиши, соғлиғи, тарбияси ва келажаги учун қайси қарор яхшироқ?, деган саволларга жавоб изланиши лозим. Яъни, бола энди катталар ўртасидаги низонинг “объекти” эмас, балки ҳуқуқ ва манфаатлари мустақил равишда эътиборга олинадиган шахс сифатида қаралади.
Нега бундай қонунга эҳтиёж туғилди?
Қонуннинг қабул қилинишига асосий сабаб болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ва болага дахлдор қарорлар қабул қилишда ягона, аниқ мезонни белгилаш заруратидир. Қонуннинг муқаддимасида ҳам амалдаги қонун ҳужжатларида болага тааллуқли ҳар қандай масала ҳал этилаётганда унинг энг устун манфаатлари ҳисобга олинишини белгилаш зарурати қайд этилган. Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсади ҳам кўзланган. Бу икки масала бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, оиладаги зўравонликдан кўпинча нафақат хотин-қиз, балки фарзанд ҳам жабр кўради. Бола зўравонликнинг бевосита қурбони бўлмаган тақдирда ҳам, унинг оиладаги муҳитга гувоҳ бўлиши руҳий ҳолати ва камолотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли янги қонун тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар билан бирга уларнинг вояга етмаган болаларини ҳам ҳимоя қилиш механизмларини кучайтирмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга жабрланувчилар ҳамда уларнинг вояга етмаган болаларининг манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар киритиш, суд мажлисларида иштирок этиш ваколатлари берилмоқда. Зўравонликдан жабрланган шахснинг махсус марказга жойлаштирилганлиги эса бир ойгача муддатга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Янги қонуннинг моҳиятини бир жумла билан ифодалаш мумкин: болага оид қарор қабул қилинаётганда катталарнинг қулайлиги эмас, аввало боланинг энг устун манфаати мезон бўлиши керак.
Бу принцип ота-она учун ҳам, маҳалла учун ҳам, таълим муассасаси учун ҳам, васийлик ва ҳомийлик органлари, ижтимоий ҳимоя тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда боланинг ёши, соғлиғи, руҳий ҳолати, оилавий муҳити, таълим ва тарбия шароити, хавфсизлиги, шахсий хусусиятлари ҳамда унинг фикри эътиборга олиниши лозим. Айниқса, “боланинг фикрини эшитиш” билан “боланинг айтганини сўзсиз бажариш” бир хил тушунча эмас. Боланинг фикри инобатга олинади, аммо қарор унинг ёши ва етуклиги, хавфсизлиги ва бошқа муҳим ҳолатлар билан биргаликда баҳоланади. Асосий мақсад – боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини энг яхши тарзда таъминлаш.
Бу – фақат қонун эмас, янги ёндашув
Энг муҳими, жамият онгида бир тушунчани мустаҳкамлаш зарур. Бола – катталарнинг мулки эмас. Бола – ўз ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва фикрига эга бўлган шахс. Шунинг учун болага оид ҳар қандай қарорда “Бизга нима қулай?” деган саволдан аввал “Бола учун нима энг яхши?” деган савол қўйилиши керак. Ана шу ёндашув боланинг манфаатлари тушунчасини боланинг энг устун манфаатлари даражасига кўтаради. Қонуннинг асл мақсади ҳам шунда – боланинг ҳуқуқини қоғозда эмас, ҳаётда таъминлаш, унинг “овози”ни эшитиш, хавфсиз ва муносиб муҳитда ўсишига шароит яратиш. Ҳар қандай низо ва қарор марказига эса боланинг тақдирини қўйиш. Зеро, боланинг бугуни унинг шахс сифатидаги келажаги, жамиятнинг эртанги кунидир.
У.Хусанова,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси
ФҲДЁ архиви мудираси