БМТнинг Ўзбекистон ташаббускорлигидаги резолюцияси юзасидан маълумотлар берилди
2026 йил 24 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларини ифода этувчи 61 та БМТга аъзо давлат ҳаммуаллифлик қилган.
Резолюцияда парламентлар ижтимоий тараққиётнинг фаол иштирокчиси сифатида эътироф этилган. Унда миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнат ва бандликни таъминлаш, сифатли таълим имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий инклюзияни таъминлашда парламентларнинг ролига алоҳида эътибор қаратилган.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТнинг ушбу резолюцияси юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва халқаро аҳамияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсат ва парламент дипломатияси соҳасидаги тажрибаси ҳақида маълумот берилди.

– Бугунги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар, иқлим ўзгариши, демографик ўзгаришлар, меҳнат бозоридаги янги тенденциялар ҳамда рақамли трансформация ижтимоий тараққиёт олдига янги вазифаларни қўймоқда, – деди Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Файзиева. – Бундай шароитда инсон қадрини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнат ва бандлик учун шароит яратиш, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада мамлакатимизда изчил ижтимоий сиёсат амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида камбағаллик даражаси 35 фоиздан 5,8 фоизга туширилди. Аҳоли учун барпо этилаётган уйлар сони 10 баробарга кўпайди. 8,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳолининг даромадлари оширилган.
Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция мамлакатимизнинг ижтимоий соҳадаги ислоҳотларининг халқаро эътирофи, парламентнинг тобора ортиб бораётган ролининг халқаро даражадаги ифодаси бўлди, – деди Д.Файзиева.

Резолюцияда парламентларда хотин-қизлар ва ёшлар иштирокини кенгайтириш, рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентларнинг иштирокини кучайтириш вазифалари белгиланган.
Матбуот анжуманида Ўзбекистонда инсон қадри ва кучли ижтимоий давлат тамойилларига асосланган сиёсат изчил амалга оширилаётгани таъкидланди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг манзилли ва рақамлаштирилган тизими шакллантирилди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Анжуманда 2025 йил апрель ойида Тошкентда ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида қабул қилинган Тошкент декларациясида ижтимоий тараққиёт ва ижтимоий адолатни таъминлашда парламентлар ролини кучайтириш ғояси илгари сурилгани таъкидланди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Жумладан, депутатларнинг жойлардаги ўрганишлари давомида ижтимоий йўналишдаги масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги фаолияти юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА