Бир ускуна — бир оила тақдиридаги янги саҳифа
Грант кўмаги туфайли Ойбек Рамазонов учун янги имкониятлар эшиги очилди. Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, кичик бир имконият катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Бир хона, бир нечта замонавий ускуна ва энг муҳими — меҳнат қилиш истаги. Аслида, барқарор даромад ва муносиб турмуш сари йўл ҳам ана шундай оддий, аммо мазмунан катта қадамлардан бошланади.
Бугун Бухоро туманида яшовчи Ойбек Рамазонов ҳаётида ҳам ана шундай янги саҳифа очилмоқда. Унинг бандлигини таъминлаш, касб-кори орқали доимий даромад манбаига эга бўлиши учун яратилган шароит оддий бир лойиҳа доирасидан анча кенг маъно касб этмоқда. Зеро, бу ерда гап фақат ускуна харид қилиш ёки иш жойи яратиш ҳақида эмас. Гап инсонга ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлаш имкониятини бериш ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан очиқ танлов асосида грант ажратиш бўйича эълон қилинган танлов ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Танлов натижасига кўра, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Бухоро вилояти филиалининг Бухоро тумани “Садриддин Айний” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ойбек Рамазоновнинг бандлиги ва доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш” йўналишидаги лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Лойиҳа доирасида сертификатлар топширилиб, уни амалга ошириш учун грант маблағлари ажратилди. Бу эса қоғоздаги рақам ёки навбатдаги молиявий кўмак эмас. Унинг ортида бир инсоннинг меҳнат билан ўз ҳаётини ўзгартиришга бўлган интилиши, бир оиланинг эртанги кунига бўлган ишончи ва маҳаллада янги иқтисодий имконият пайдо бўлиши мужассам.


Замонавий ижтимоий сиёсатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам шунда — инсонни фақат моддий қўллаб-қувватлаш эмас, балки унинг ўз меҳнати билан даромад топиши учун шароит яратиш.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда янги даромад манбаларини яратишга устувор вазифа сифатида қаралаётгани бугун жойлардаги ана шундай амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда.
Айниқса, инсонга тайёр ёрдам беришдан кўра, унинг ўзини ўзи таъминлаши учун зарур восита ва имконият яратиб бериш узоқ муддатли натижага хизмат қилади. Ойбек Рамазонов мисолида ҳам ана шу тамойилни кўриш мумкин.
Бухоро шаҳрининг “Намозгоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, таъмирталаб бинодаги 30 квадрат метрлик бир хона бугун янги касб ва янги имкониятлар масканига айлантирилди. У ерга замонавий чилангарлик ускуналари ўрнатилди. Хусусан, Lounch X 861 развал стенди ҳамда 216 талик инструментлар тўплами билан жиҳозланган устахона энди Ойбек учун доимий меҳнат ва даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бир қарашда 30 квадрат метрлик хона жуда кичикдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ичидаги имкониятлар анча катта. Чунки бу ерда фақат автомобиллар таъмирланмайди. Бу ерда инсоннинг ўз кучига ишончи мустаҳкамланади, касбий маҳорати ошади, тадбиркорлик кўникмалари шаклланади. Энг муҳими, меҳнат орқали даромад топишнинг яна бир манзили пайдо бўлади.


Бугун маҳалла нафақат аҳоли яшайдиган ҳудуд, балки инсоннинг даромади, касби, ташаббуси ва тадбиркорлиги рўёбга чиқадиган муҳим иқтисодий маконга айланиб бормоқда.
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг асосий мақсади ҳам вилоятнинг чекка ҳудудларида тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, аҳолини ўзини ўзи банд қилиш орқали иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадини оширишдан иборат. Бу вазифанинг замирида жуда катта ҳаётий ҳақиқат бор: ҳар бир янги иш ўрни — бир инсоннинг эртанги кунига ишонч, ҳар бир даромад манбаи — бир оиланинг фаровонлиги, ҳар бир қўллаб-қувватланган ташаббус — маҳалланинг иқтисодий салоҳиятидир. Шу маънода Ойбек учун яратилган имкониятни биргина хона ёки биргина устахона билан ўлчаб бўлмайди. Унинг таъсири оиласига, маҳалласига, атрофидаги бошқа ёшларга ҳам етиб бориши мумкин. Чунки бир инсоннинг меҳнатдаги ютуғи бошқаларга ҳам намуна бўлади.
Грант маблағлари инсонга тайёр фаровонлик бермайди. Унга фаровонлик сари йўл очади. Бу йўлда эса билим, маҳорат, масъулият ва меҳнат ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ойбек учун яратилган шароит ҳам ана шу имконият ва масъулият уйғунлигини англатади. Энди унинг олдида янги вазифалар турибди: хизмат сифатини ошириш, мижозлар ишончини қозониш, касбий маҳоратини янада юксалтириш, келгусида фаолиятини кенгайтириш ва, эҳтимол, бошқа ёшлар учун ҳам иш ўринлари яратиш. Бугун бир киши учун бошланган иш эртага кичик бизнес субъектига, кейинчалик эса яна бир неча инсоннинг доимий даромад манбаига айланиши мумкин. Ана шунда грантнинг ҳақиқий ижтимоий самараси намоён бўлади.


Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон қадри, унинг меҳнати ва фаровон ҳаётига қаратилгани жойлардаги ана шундай амалий ташаббусларда яққол кўзга ташланади.
Давлат раҳбари ташаббуслари билан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар одамларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун янги имкониятлар яратмоқда. Бухоро вилоятида ҳам бу жараён маҳаллабай ёндашув асосида изчил давом этмоқда. Энг муҳими, бугун ёрдамга муҳтож инсонни излаб топишнинг ўзи етарли эмас. Унга ўз оёғига туриши, касб-ҳунари орқали даромад топиши ва келажагини мустақил қуриши учун имконият бериш мақсад қилинмоқда. Ойбекнинг янги устахонаси ана шу эзгу мақсаднинг ҳаётдаги бир намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири