Бир лаҳзалик хато бир умрлик армонга айланмасин
Бола — ота-она учун дунёдаги энг бебаҳо неъмат. Уни таълим-тарбия муассасасига ишониб топширган ота-она эса фарзанди кун давомида хавфсиз, эътибор ва ғамхўрлик муҳитида бўлишига ишонади. Аммо баъзан бир лаҳзалик эътиборсизлик, касбий масъулиятнинг сустлиги ёки тиббий билимсизлик ортида бутун бир оиланинг тақдирини ўзгартириб юборадиган фожиа юзага келиши мумкин.
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида рўй берган воқеа ҳам ана шундай оғир хулосаларга ундайди. 2025 йил 20 июнь куни оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 2022 йилда туғилган қизалоқ вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, судда атрофлича кўриб чиқилган.
Судда келтирилган маълумотларга кўра, қизалоқ ўша куни эрталаб соат 08:30 атрофида мактабгача таълим муассасасига келган. Дастлаб одатдагидек таълим-тарбия жараёнида бўлган бола соат 13:15 ларда йиғлаб уйғонган. Шундан кейин муассаса раҳбари Д.Е. томонидан унга “Сипрофлоксацин” дори воситаси берилган.
Бироқ бу ҳолатдан кейин боланинг аҳволи оғирлашган ва у Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Бир оиланинг орзулари, режалари, фарзанди билан боғлиқ умидлари бир неча соат ичида қайғуга айланди.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, боланинг ўлимига қусуқ массаларининг юқори нафас йўлларини беркитиб қўйиши сабаб бўлган.
Мактабгача таълим ташкилоти ходими, айниқса, раҳбар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан бири — болаларнинг ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлашдир. Чунки ота-она фарзандини муассасага топширганида, унинг хавфсизлиги учун масъул шахсларга ишонади. Бундай муассасада ҳар бир қарор, ҳар бир ҳаракат, ҳатто оддийдек кўринган тиббий муолажа ҳам катта масъулиятни талаб қилади. Боланинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолатларда ўзбошимчалик билан дори воситаси бериш эса оқибати оғир бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлардан бири эканини ушбу фожиа яна бир бор кўрсатди. Бу ерда гап фақат бир суд иши ёки бир нафар мансабдорнинг жавобгарлиги ҳақида эмас. Гап ҳар куни мактабгача таълим муассасаларига ишониб топширилаётган минглаб болаларнинг ҳаёти ва саломатлиги ҳақида бормоқда.
Сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, уларнинг таълим-тарбияси, соғлиғини муҳофаза қилиш ва хавфсиз муҳитда камол топишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълими тизимида бола манфаатини устувор қўйиш, таълим муассасаларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш, педагог ва масъул ходимларнинг касбий масъулиятини ошириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган.
Зеро, фарзандлар саломатлиги ва ҳаётини асраш — фақат бирор бир ташкилотнинг эмас, балки бутун жамиятнинг муқаддас бурчидир.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадри, бола манфаати ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар мазмуни ҳам айнан шу ҳақиқатни талаб этади: ҳар бир бола эътиборда, ҳар бир бола ҳимояда бўлиши керак.
Суд якунига кўра, Д.Е.га 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Судда у ўз айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Шу тариқа, суд томонидан иш бўйича аниқланган ҳолатлар ва мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо берилиб, муассаса раҳбарига нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чораси қўлланган.Аммо суд ҳукми бир оиланинг жигаргўшасини ортга қайтара олмайди. У ота-онанинг бағридаги фарзанд ўрнини тўлдира олмайди. Энг оғири ҳам шунда. Шу боис ушбу воқеага фақат судда якунига етган жиноят иши сифатида қараш кифоя эмас. У барча мактабгача таълим муассасалари, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари учун жиддий сабоқ бўлиши лозим.
Болани тарбиялаш — иш жадвалидаги оддий вазифа эмас. Бу ишонч. Бу масъулият. Бу инсон ҳаёти учун жавобгарлик. Бир лаҳзалик эътиборсизлик эса баъзан бир умрлик армонга айланиши мумкин.Шундай экан, ҳар бир боғча раҳбари ва ҳар бир ходим бир ҳақиқатни қалбидан ўтказиши шарт: муассасага кириб келган ҳар бир бола — кимнингдир бутун дунёси. Унинг ҳаёти ва саломатлиги борасида эса ҳеч қачон бепарволикка берилмаслик лозим.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири