“Бешқўрғон” бозоридаги ёнғин ҳақида нималар маълум (+видео)
5 апрель куни соат 15:56 да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, катта халқа автомобиль йўлида жойлашган “Бешқўрғон” бозорида ёнғин содир бўлди.
Қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ёнғин соат 16:53 да қуршаб олинди ҳамда вазият махсус хизматларнинг тўлиқ назоратига олинди. Натижада ёнғин соат шомга қадар тўлиқ ўчирилади. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов ҳам етиб борган.
Ёнғин сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра савдо мажмусида содир бўлган ёнғин вақтида қутқарувчиларнинг профессионаллиги ва тезкор ҳаракатлари туфайли мажмуанинг 3000 квадрат метр майдони ва моддий бойликлар, шунингдек, унга туташ бўлган ҳудуддаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳамда 5 қаватли автотураргоҳ ёнғиндан сақлаб қолинди.
- Ёнғин натижасида 8 минг квадрат метр жой зарарланди, ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида 3 минг квадрат метр ҳудуд сақлаб қолинди, - дейди Тошкент шаҳар ФВББ ахборот хизмати раҳбари Зуҳриддин Қурбонов. – Ҳозирда ФВВ лабораторияси ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бозорнинг ёнғин бўлган қисмида 200 нафарга яқин мутахассислар ва 21 техника ёрдамида ўт ўчириш ишлари олиб борилди.
Ёнғин содир бўлган кунидан бир кун ўтиб, тадбиркорларимиз бутун қолган мол-мулкларини кўздан кечириб олмоқдалар. Айни вақтда объект ички ишлар ходимлари томонидан назоратга олинган. Тадбиркорларнинг мулкларини ҳимоя қилиш мақсадида воқеа жойига алоқаси бўлмаган фуқаролар ҳудудга киритилмаяпти.
Ишчи гуруҳ ҳозирда ёнғин сабаблари ва тадбиркорларга етказилган зарар миқдорларини аниқлаш юзасидан текширув ва суриштирув ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақида келуси дастурларимизда батафсил хабар берамиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1WaWld2LgRE" title="“Beshqo‘rg‘on” bozoridagi yong‘in haqida nimalar ma’lum" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА