“BerufsEXPO” – касб танлашда халқаро имкониятларни тақдим этди
Тошкент транспорт техникумида Германияда касбий таълим ва касбий фаолият имкониятларига бағишланган “BerufsEXPO” ярмаркаси ташкил этилди.
Икки кун давом этган мазкур тадбирда ёшлар Германиядаги касбий таълим йўналишлари, халқаро меҳнат бозори талаблари, иш ва карьера истиқболлари билан танишиб, етакчи хорижий компаниялар мутахассислари билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлди.

Ярмарка очилишида иштирок этган ГФРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маттиас Фоллерт ёшларни касб танлашга йўналтириш, уларга халқаро таълим ва меҳнат бозори ҳақида ишончли маълумот беришда бу каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этиши хусусида сўз сўз юритди. Юртимиз ёшларининг Германияда таълим олиш ва ишлашга бўлган қизиқишининг ортиб бораётгани икки давлат муносабатларининг янада жипслашишига олиб келишини таъкидлади.

Маълумки, бугунги кунда ёшларнинг нафақат сифатли таълим олиши, балки танлаган касби бўйича амалий кўникмаларни эгаллаши ва халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, рақобатбардош кадр бўлиб етишиши учун етарли шароит мавжуд. Айниқса, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган йигит-қизлар учун халқаро таълим ва касбий тайёргарлик дастурлари янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Германияда касбий таълим тизими ана шундай имкониятлардан бири сифатида эътиборга молик. Бу тизимда назарий билим билан бир қаторда, амалиётга алоҳида эътибор қаратилган. Талабалар ўзи танлаган касб бўйича билим олиш билан бирга, корхона ва ташкилотларда амалий тажриба орттириши ҳам мумкин.
“BerufsEXPO” касбий таълим ва карьера ярмаркаси эса ушбу тизим ҳақида бевосита мутахассислар, таълим муассасалари ва Германия компаниялари вакилларидан маълумот олиш учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини ўтамоқда.
Тадбирда PASCH (Германиянинг ҳамкор мактаблар тармоғи) мактаблари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, техникум ва олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, немис тилини ўрганаётган фаол ёшлар иштирок этди.

Ярмаркани ўзига хос жиҳати шундаки, иштирокчилар Германиядаги касбий таълим тизими ҳақида фақат назарий маълумот олибгина қолмай, турли мутахассисликлар бўйича ташкил этилган амалий иш жараёнида ўзини синаб кўриш имконига ҳам эга бўлди.
Тадбирда Германиянинг қатор компаниялари вакиллари иштирок этиб, ўз ташкилотларидаги касбий фаолият ва карьера имкониятлари ҳақида маълумот берди. Бу эса ёшларга иш берувчиларнинг талаблари, замонавий касблар ва мутахассисларга қўйилаётган талаблар ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.
– Бугунги ярмаркада иштирок этиш мен учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди, - дейди иштирокчи ёшлардан бири Фозил Абдуваҳобов. – Бу ерда халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ҳақида маълумот олиш билан бирга, қизиқишимга мос йўналишни танлаш учун зарур тавсияларга эга бўлдим. Немис тилини янада яхши ўрганиб, келажакда ўзим қизиққан соҳа – механика йўналишида билим ва тажриба ошираман.
Ярмаркада таълим ва меҳнат соҳасидаги ташкилотлар ҳам ўз таклифларини тақдим этди. Хусусан, Гёте институти, Германия Ташқи савдо палатасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари иштирокчиларга Германияда касбий таълим олиш ва касбий фаолият юритиш, хавфсиз ва қонуний меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалалар, истиқболли лойиҳалар бўйича маълумот ва маслаҳатлар берди.
Биринчи кун дастуридан интерактив майдончалар, амалий машғулотлар, тақдимотлар ва панел муҳокамалари ўрин олди. Жараёнда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, турли касблар билан яқиндан танишди ва келгусидаги таълим йўналишлари ҳақида маълумот тўплади.
Ярмарканинг иккинчи кунида соҳа мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ва турли амалий машғулотлар ташкил этилди.
Тадбир доирасида шунингдек, немис тилидан дарс берувчи ҳамда касб-ҳунар таълими бўйича мультипликатор вазифасини бажарувчи ўқитувчилар иштирокида учрашув ўтказилди.
Германия элчихонаси, Гёте институти, Германия Ташқи савдо палатасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси ҳамда Германиянинг “SCHULEWIRTSCHAFT” тармоғи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ёшларни касб танлаш жараёнига эрта йўналтириш, қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро таълим ва меҳнат бозоридаги имкониятлар билан таништириш ҳамда таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА