Беларус ва Ўзбекистон биржа савдосини кенгайтирмоқда
"БелТА" ахборот агентлиги Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ) матбуот хизматига таяниб хабар беришича, ушбу мамлакат Ўзбекистон билан тўқимачилик маҳсулотлари биржа савдосини кенгайтириш режасини тузган.
Тўқимачилик саноати учун ўзаро мунтазам равишда хом ашё ва материал етказиб бериш икки давлат ўртасидаги биржа савдоси ҳажмини оширишнинг янги нуқтаси бўлиши мумкин. Шунингдек, ўзбек бизнеси вакилларида Беларусь электрон платформаси имкониятидан янада фаол фойдаланиш имкони пайдо бўлган. Бу ҳақда мамлакатимиз тўқимачилик корхоналари делегацияси билан учрашувда БУТБ Ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи Ярослав Ковальчук маълум қилди. Жамоанинг Минск шаҳридаги марказий офисида бўлиб ўтган тадбир ишбилармон доираларнинг 60 га яқин вакилини тўплади.
2026 йил саккиз ойи маълумотига кўра, ҳамкор томон платформасида рўйхатдан ўтган Ўзбекистон компаниялари иштирокида тузилган барча битимлар қийматининг 65 фоизи ёки 65 миллион доллари Беларусь ёғоч маҳсулотлари, биринчи навбатда тахта материаллари харидига тўғри келди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб учдан бир қисм кўп. Бундан ташқари ҳамюртларимизнинг ушбу ўлкада ишлаб чиқарилган қуруқ сутга талаби сезиларли даражада ошган. Яъни, 2025 йил январь-август ойларига нисбатан сотув ўсиши суръати 169 фоизга етди.
Тўқимачилик маҳсулотлари Ўзбекистон билан биржа савдосининг яна бир истиқболли йўналиши ҳисобланади. Хусусан, Минскда талаб юқори бўлган пахта ва поли эфир ипи ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан жадал сотилмоқда. Ўтган йилга нисбатан битим миқдори бир неча баробар ошган. Демак, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжуд. Ўз навбатида, Беларусь корхоналари бизнинг бозорга бугунги кунда энг харидоргир товарлар қаторига кирувчи зиғир толаси етказиб беришга тайёр.
Учрашув чоғида саноат ва истеъмол товарлари биржа савдосига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда БУТБ орқали 305 резидентимиз, жумладан биржа брокери мақомига эга икки компаниямиз рўйхатдан ўтган. Йил бошидан буён платформага Ўзбекистондан 53 нафар янги иштирокчи қўшилди.
2004 йил ташкил этилган “Беларусь универсал товар биржаси” ОАЖ орқали дастлабки савдо ўтган йил июнь ойида ўтказилган. Шарқий Европадаги энг йирик товар биржаларидан бири ҳисобланган БУТБ жамоасининг асосий вазифаси маҳаллий корхоналарга маҳсулот экспорт қилишда кўмаклашиш ва хорижий компанияларнинг ички бозорига киришига ёрдам беришдан иборат. Биржада металл, ёғоч, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кенг турдаги саноат ва истеъмол товарлари сотилади.
Абдуғафур Маматов, ЎзА