Барно Исомиддинова: "Ўзингизга "кеч" деган чегарани қўйманг!" (+видео)
Рақамли технологиялар мактаби — “School 21” директор ўринбосари Барно Исомиддинова билан суҳбатимиз давомида аёлнинг оиласи, фарзанд тарбияси ва карьераси ҳақида ҳам гаплашдик.
Унинг ўзи ҳам ҳаётида бу йўлни босиб ўтган. Ўқишни тамомлаб, оила ва фарзандлар билан боғлиқ масъулиятлар сабаб карьерасини бир муддат кейинроқ давом эттирган. Аммо буни тўхташ нуқтаси деб қабул қилмаган. Аксинча, янги билим олиш, тил ўрганиш, халқаро дастурларда қатнашиш ва янги соҳаларни ўзлаштириш орқали ўз йўлини давом эттирган.
—Менимча, аёл учун оила ва карьерани бир-бирига қарши қўйиш шарт эмас. Ҳа, бу осон эмас. Айниқса, фарзанд тарбияси, оила ташвишлари билан бирга ўз устида ишлаш, ўқиш, янги касб ўрганиш ва карьера қилишдан гап кетганда аёлдан янада кўпроқ сабр ва ҳаракат талаб этилади.
Мен буни ўз ҳаётимда ҳис қилганман,—дейди у биз билан суҳбатда.
Ўқишни тугатиб, дарҳол карьера қила олмадим. Оила, фарзандлар, турли ҳаётий масъулиятлар бўлди. Кейин ишга қайтганимда «бироз кеч қолибсиз» деган гапларни ҳам эшитдим. Лекин мен бу гапни ўзим учун ҳукм деб қабул қилмадим. Аксинча, «нега энди кеч?» деган саволни ўзимга бердим.
Инглиз тилини ўргандим, халқаро дастурларда қатнашдим, бизнесни ўргандим, янги соҳаларга қизиқдим. Кейин рақамли технологиялар соҳасига кириб келдим. Бунинг учун, албатта, қўрқиш ҳам бўлди. Чунки янги соҳа — муҳит, янги талаблар дегани. Аммо инсон янги нарсани ўрганишдан қўрқмаса, ёши қанча бўлишидан қатъи назар, ўз ҳаётида янги саҳифа очиши мумкин.
Бугун мен бир нарсага янада кўпроқ ишонаман. Аёлнинг оиласи борлиги унинг орзулари бўлмаслиги керак, дегани эмас. Фарзанд тарбияси билан шуғулланиш ҳам катта меҳнат. Аммо аёлнинг ўзини ривожлантириши, билим олиши, жамиятда ўз ўрнини топиши ҳам муҳим.
Менинг фарзандларим ҳам ҳаракатимни кўриб улғайишини хоҳлайман. Уларга «ўқи», «ўрган», «янги нарсага қизиқ», дейиш осон. Лекин ўзингиз ўқимасангиз, ўз устингизда ишламасангиз, бу гапнинг таъсири бошқача бўлади.
Шунинг учун фарзандларимга сўз билан эмас, ўз намунам билан сабоқ беришга ҳаракат қиламан.
Бугун ҳам ўқийман. Янги тил ўрганаман, янги йўналишларга қизиқаман, технологиялар билан боғлиқ билимларимни оширишга ҳаракат қиламан. Чунки «менга шунинг ўзи етарли», деган фикр инсонни бир жойда тўхтатиб қўйиши мумкин.
Атрофимдаги аёлларга ҳам бир гапни айтишни хоҳлайман. Ўзингизни ёшингиз билан чекламанг. «Менга кеч», «энди нимани ўзгартирардим», «мендан нима чиқарди», деган саволларни ўзингизга кўп берманг.
Баъзан бизга энг катта тўсиқни бошқалар эмас, ўзимиз қўямиз.
Мен 36 ёшимда грант асосида хорижда ўқиш имкониятига эга бўлганман. Агар ўша пайтда «менга кеч» деб ўйлаганимда, бугунги ҳаётимдаги кўплаб имкониятлар бўлмас эди.
Мен учун ҳақиқий муваффақият фақат лавозим ёки карьера эмас. Оиламга вақт ажратиб, фарзандларимга намуна бўлиш, шу билан бирга жамиятга керакли инсон бўлиб қолиш — мен учун муваффақиятнинг ўзи.
Аёл ҳам она, ҳам рафиқа, ҳам мутахассис, ҳам жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши мумкин.
Бунга эришиш осон эмас. Лекин имконсиз ҳам эмас.
Фақат инсон ўзидан: «Менга кеч эмасми?» деб эмас, «Мен бугун нимадан бошласам бўлади?» деб сўраши керак.
Нигора Раҳмонова,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Салим Обиджонов (монтаж), ЎзA