Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Бу жараён мамлакатимиздаги ислоҳотлар, иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва медиа соҳасидаги янгиланишлар халқаро ахборот маконида қандай акс этаётганини кўрсатади.
АзерТАЖ: Ўзбекистон Каспий ва Қора денгиз портларида логистика инфратузилмасини ривожлантирмоқда

“АзерТАЖ” ахборот агентлиги халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва денгиз портларида логистика инфратузилмасини яратиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга эътибор қаратди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Каспий денгизидаги Оқтов, Туркманбоши ва Боку, Қора денгиздаги Поти, Анаклия портларида Ўзбекистон иштирокида логистика инфратузилмасини яратиш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилган.
Поти портида логистика маркази ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган. Лойиҳа техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, Анаклия бандаргоҳини ривожлантириш ҳамда Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқиш имконини берувчи Нахчивон темир йўли қурилишида иштирок этиш имконияти ўрганилмоқда.
Мазкур лойиҳалар тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон ва металлургия маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишга хизмат қилади. Йиғилишда мамлакат ичида логистика марказлари тармоғини кенгайтириш зарурлиги ҳам таъкидланган.
Анадолу: Имом Бухорий мажмуаси анъанавий меъморчилиги билан эътибор қозонмоқда

Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларда жиддий қизиқиш уйғотаётгани ҳақида фотолавҳа эълон қилди.
Агентлик буюк ҳадисшунос Имом Бухорий қабри жойлашган мажмуанинг янгиланган меъморий қиёфаси ҳамда ўзбек миллий ҳунармандчилиги анъаналарини акс эттирувчи безакларига эътибор қаратган. Шунингдек, минтақадаги муҳим зиёрат туризми марказларидан бири сифатида ушбу мажмуа ислом оламидан Самарқандга келаётган зиёратчилар диққати марказида экани таъкидланган.
Синьхуа: Тошкентда “Хитой – Ўзбекистон” халқаро савдо кўргазмаси очилди

“Синьхуа” ахборот агентлиги Тошкентда “Хитой – Ўзбекистон-2026” халқаро савдо ярмаркаси иш бошлагани ҳақида хабар берди.
Чин мамлакатининг юртимиздаги элчиси Юй Цзюнь Сичуань музофотини Марказий Осиё билан боғлаётган Хитой – Европа юк поезди савдо ва логистика имкониятини сезиларли даражада кенгайтиришини таъкидлаган. Зеро, инфратузилма барпо этилиши, янги энергетика, замонавий қишлоқ хўжалиги, илмий-технология инновацияси, маданият ва туризм соҳалари ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлардир.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Элзот Қосимов хориж компаниялари билан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, илғор технология жорий этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга ошириш манфаатли эканини билдирган. Айни жараёнда электротехника, автомобиль бутловчи қисмлари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга устувор аҳамият берилади.
Нашр маълумотига кўра, Сичуань томонидан хорижда мустақил ташкил этилган мазкур илк халқаро кўргазмада 200 га яқин компания иштирок этмоқда. Ярмарка доирасида B2B музокаралар ва қўшма лойиҳалар йўлга қўйиш мақсадида учрашувлар ҳам ўтказилади.
ВТА: Ўзбекистон ва Эрон аграр ҳамкорликнинг янги босқичига ўтмоқда

Болгариянинг ВТА ахборот агентлиги Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Эрон қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми ҳақида материал эълон қилди.
Қайд этилишича, анжуманда чорвачилик ва ветеринария, паррандачилик, балиқчилик, озуқа ва уруғлик ишлаб чиқариш, кўчатчилик, боғдорчилик ҳамда иссиқхона хўжалигида ҳамкорлик имконияти муҳокама қилинган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, дрон, замонавий қишлоқ хўжалиги технологиясини амалиётга жорий этиш масалалари эътибор марказида бўлди.
Агентлик тадбир давомида икки мамлакат тадбиркорлари ўзларининг янги маҳсулот ва хизматларини тақдим этиб, ишбилармонлик алоқаларини янада кенгайтирганига урғу берган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА