Австралия ҳукумати жиддий хавотирда
Сўнгги пайт сунъий интеллект мустақил равишда интернетдан маълумот излаши ва турли рақамли тизимлар билан ишлаши янги имконият билан бирга кибер хавфсизликка оид хавфни ҳам юзага келтирмоқда.
Хусусан, яқинда Австралияда қайд этилган ҳодиса жуда кўп мамлакатларни ҳушёрликка ундамоқда.
Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош вазири Энтони Албанезе “OpenAI” компаниясига тегишли СИ агенти 18 июнь куни “Services Australia” томонидан бошқариладиган “Medicare Statistics Reporting Service” порталига рухсатсиз кирганини ҳақида маълумот берди.
Агент Австралия ҳақида маълумот излаш жараёнида порталнинг очиқ ва ёпиқ файлларига кирган. “Medicare” дастурлари бўйича статистика тақдим этадиган ушбу порталда сарф-харажат, оммавий тиббий хизмат, эмлаш ва дори-дармон бўйича умумлашма маълумот мавжуд. Текширув ҳануз давом этмоқда.
“OpenAI” ўз агентига мамлакатда дори-дармон учун сарфланаётган маблағ ҳақида маълумот тўплаш бўйича вазифа берган. Қидирув вақти вакил “Services Australia” порталига кирган. Сўралган маълумот тақдим этилмагач, агент мавжуд хавфсизлик чекловини айланиб ўтиб, оддий фойдаланувчи учун очиқ бўлмаган файлларга кирган.
Бош вазир бу ҳолатни қабул қилиб бўлмайдиган ҳодиса, дея баҳолади ва “OpenAI” бош директори Сэм Альтман билан суҳбатлашиб, Австралия ҳукумати воқеадан жиддий хавотирда эканини билдирган. “OpenAI” эса сўровга уч ойдан кейин жавоб берган.
Ҳолатнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, қитъа-давлат ҳукумати ҳодисадан бир неча ой ўтгач хабар топган.
“OpenAI” маълумотига кўра, компания воқеани 11 август куни моделларнинг кутилмаган фаолиятини текшириш жараёнида аниқлаган. Бинобарин, “Services Australia” жамоасига бу ҳақда 10 сентябрь куни хабар берилган.
Хабар оммавий электрон почта манзилига юборилган. “Services Australia” 11 сентябрь куни хабарни кўриб чиққан ва 15 сентябрь куни Австралия Сигнал дирекцияси Кибер хавфсизлик марказига маълум қилган. 19-20 сентябрь кунлари эса Бош вазир идораси хабардор қилинган. Альбанезе “OpenAI” томонидан ҳукуматни хабардор қилиш кечиктирилганини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, хабар бериш усули ҳам етарли бўлмаган.
“OpenAI” вакили компания Австралияга оид саволларга жавоб излаш жараёнида моделлар ҳукуматнинг бир неча сайти ва хизматига мурожаат қилганини айтган.
Компания ички текширувида моделлар кутилмаган ҳаракатни амалга оширгани аниқланган. “OpenAI” ҳозиргача беморларнинг шахсий тиббий маълумотига кирилгани ҳақида далил топилмаганини билдирган. Компания текширувни давом эттираётгани ва тегишли ташкилотларга техник маълумот тақдим этаётганини қўшимча қилган.
Австралия ҳукумати ҳодисани кенгроқ ўрганиш учун Бош вазир департаменти, Сигналлар дирекцияси ва СИ хавфсизлиги бўйича идоралар ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузди. Текширув доирасида ҳодиса қандай содир бўлгани, давлатнинг бошқа тизимларига кирилгани эҳтимоли, амалдаги қонунчилик айни ҳолатга нисбатан қандай чора кўриши мумкинлиги изчил ўрганилади.
Нодира Қаюмова,
ЎзА