Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий механизмлари
Йилдан-йилга мураккаблашиб бораётган экологик муаммолар бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтиришни, соҳа олимларининг замонавий ечимлар устида иш олиб боришини тақозо этади. Зеро, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларига мослашиш, сув танқислигини бартараф этиш каби муҳим экологик вазифалар энг долзарб масалалардан бўлиб турибди.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий механизмлари” мавзусида Марказий Осиё экологлари ва экофаоллари форуми ташкил этилди.
Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясининг экологик ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни ҳақида сўз юритди.

— XXI асрда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бутунжаҳон кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди, — деди Абдушукур Ҳамзаев. — Инсон саломатлиги ва ҳаётига бевосита таъсир қилувчи омил бўлган экологик муҳит ҳар бир давлат барқарор ривожланиш йўлининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш ва салбий таъсирларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Форумда соҳадаги олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар ва ҳуқуқий механизмлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланганидек, экологияга оид 30 га яқин янги қонунлар қабул қилинган, чиқиндиларни бошқариш тизими ва атроф-муҳит мониторингини ривожлантириш бўйича янги қонун лойиҳалари тайёрланмоқда.

Шунингдек, юртимизда экологик муҳитни яхшилаш, яшиллик даражасини ошириш, сув танқислигидан келиб чиқиб, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги тажрибасини юқори баҳолаб, экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, форумда иштирок этган етук олимлар, мутахассислар томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
М.Комилова, ЎзА