Атлетлар шаҳарчасида Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш маросимидан фоторепортаж
Кеча Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси аъзолари учун Атлетлар шаҳарчасида тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.
«Garden Pier» боғида жойлашган Атлетлар шаҳарчасида ўтказилган тадбирда Спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда ООК вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида ташкилий қўмита вакиллари Ўзбекистон делегациясини самимий қутлаб, спортчиларимизга Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиш ва юқори натижалар қайд этишларини тилади.
Шундан сўнг тантанали маросимнинг муҳим лаҳзаларидан бири – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Иштирокчи давлатлар байроқлари қаторида Ўзбекистон байроғи ҳам баланд кўтарилиб, делегациямизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ифодаланди.
Маросим доирасида Ўзбекистон делегацияси вакилларига Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинлари билан боғлиқ эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Тадбир якунида А.Икромов ҳамда О.Умаров Ўзбекистон делегацияси номидан «Garden Pier» боғида кўчат ўтқазиб, мазкур халқаро спорт форуми хотирасига рамзий туҳфа қолдирди.
[gallery-31516]
Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимиз спортнинг турли йўналишларида баҳсларга киришиб, юртимиз делегациясининг муносиб иштирокини таъминлаш учун куч синашмоқда.
ЎзА фотомухбири Сарвар Ўрмонов Аичи-Нагоядан хабар беради