Асалариларни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади. Асаларилар ана шундай беқиёс неъмат яратувчи, табиат мувозанатини сақловчи жонзотлардан биридир. Уларнинг ҳар бир учиши, ҳар бир гулга қўниши ортида нафақат ширин асал, балки ўсимликларнинг чангланиши, ҳосилдорлик ва қишлоқ хўжалигининг барқарорлиги мужассам.
Шу боис бугун асаларичиликни ривожлантириш билан бир қаторда асалари оилаларини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш масаласи ҳам тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларига зараркунанда ва касалликларга қарши пестицидлар билан ишлов бериш жараёнида эҳтиёткорликка риоя қилиш асаларилар ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омилдир.
Мамлакатимизда инсон ва табиат манфаатларини уйғун таъминлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш, тадбиркор ва фермерлар учун қулай рақамли имкониятлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган рақамлаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 апрелдаги 189-сонли “Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ва улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асалариларни ҳимоя қилиш, асаларичилик субъектлари ва қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, пестицидлардан фойдаланиш жараёнида зарур эҳтиёт чораларини кўриш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур талабларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан муҳим рақамли имконият жорий этилди. Энди қишлоқ хўжалиги экинлари ва бошқа ўсимликларга пестицидлар билан ишлов бериш режалаштирилгани ҳақида тегишли огоҳлантиришларни Агропортал орқали юбориш мумкин.
Бу нима беради? Аввало, асаларичи ўзининг асалари оилаларини эҳтимолий хавфдан олдиндан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳам пестицидлардан фойдаланишда масъулият билан ёндашиши, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши учун аниқ механизм шаклланади.
Яъни, аввал хавф юзага келгандан кейин уни бартараф этишга ҳаракат қилинган бўлса, энди унинг олдини олишга асосий эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, пестицидлар билан ишлов беришга оид маълумотларни махсус “CropAgro” ахборот тизими орқали кузатиб бориш имконияти ҳам яратилди. Бу эса қишлоқ хўжалигида шаффофлик ва назоратни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Асаларичиликда энг катта хавфлардан бири — экин майдонларига кимёвий воситалар билан ишлов бериш жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаслигидир. Чунки асаларилар учун пестицидларнинг айрим турлари жуда хавфли бўлиши мумкин.
Бир қарашда кичик бир огоҳлантиришдек туюлган хабар аслида бутун бир асалари оиласининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бир асалари оиласида минглаб асаларилар бўлишини ҳисобга олсак, бу масаланинг нақадар муҳим эканини англаш қийин эмас.
Асаларилар нобуд бўлса, фақат асаларичи зарар кўрмайди. Бунинг таъсири ўсимликларнинг табиий чангланишига, ҳосилдорликка, экотизим барқарорлигига ва пировардида иқтисодиётга ҳам дахл қилади. Шунинг учун пестицидлардан фойдаланишда “менинг далам — менинг ишим” қабилидаги ёндашув мутлақо тўғри эмас. Даладаги ҳар бир ҳаракат табиатдаги бошқа жонзотлар, қўшни хўжаликлар ва бутун ҳудуд экологик муҳити билан чамбарчас боғлиқ.
Айни пайтда ҳудудларда дала четларига жойлаштирилган асалари оилалари ҳақида маълумот берувчи махсус плакатларни тасдиқланган намунага мувофиқ ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу оддий плакат эмас. У — дала эгаси ва асаларичи ўртасидаги масъулиятли муносабатнинг бир белгиси.
Плакатда асалари оилалари жойлашгани ҳақидаги маълумотнинг акс эттирилиши фермер ёки пестицид билан ишлов берувчи мутахассисни олдиндан хабардор қилади. Натижада кимёвий ишлов бериш ишларини амалга оширишда зарур чораларни кўриш, асалариларни хавфсиз ҳудудга кўчириш ёки бошқа эҳтиёт чораларини белгилаш имконияти пайдо бўлади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Бухоро вилояти Вобкент тумани бўлими Фитосанитар назорати давлат инспектори Ўктам Атоевнинг таъкидлашича, янги тартиб асаларичилар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади. Унинг фикрича, асалариларни ҳимоя қилишда энг муҳими — муаммо юзага келганидан кейин чора кўриш эмас, балки унинг олдини олишдир.
—Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, экинларни турли зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш учун пестицидлардан фойдаланиш зарур. Аммо бу жараёнда атроф-муҳит, айниқса, асаларилар хавфсизлиги ҳамиша эътибор марказида бўлиши керак. Янги рақамли имкониятлар ана шу мақсадга хизмат қилади. Фермерлар, деҳқонлар ва асаларичилар ушбу тизимдан самарали фойдаланса, кўплаб нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин”, — дейди Ўктам Aтоев.
Давлат инспекторининг таъкидлашича, ҳудудларда агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда асаларичилик субъектлари ўртасида янги модулдан фойдаланиш тартибини тушунтиришга қаратилган ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Бу эса рақамли технологияни шунчаки жорий этиш билан чекланиб қолмасдан, уни амалда ишлайдиган тизимга айлантириш муҳимлигини кўрсатади.
Бугунги қишлоқ хўжалиги фақат кўпроқ ҳосил олишдан иборат эмас. Замонавий аграр сиёсатнинг муҳим талаби — ҳосилдорлик ва экологик хавфсизликни бир вақтда таъминлашдир.
Бир томонда фермернинг манфаати, иккинчи томонда асаларичининг меҳнати, яна бир томонда табиатнинг нозик мувозанати турибди. Уларнинг барчасини бирлаштириб турадиган омил эса — масъулият.
Асалари ўзининг кичик қанотлари билан бир гулдан иккинчисига учиб, табиатда улкан жараённи амалга оширади. Инсон эса ана шу табиий жараёнга зарар етказмасликни ўрганиши керак.
Шу маънода, Агропортал ва “CropAgro” тизими орқали йўлга қўйилаётган огоҳлантириш ва кузатув механизми — оддий рақамли янгилик эмас. У асаларилар ҳаётини муҳофаза қилиш, фермерлар масъулиятини ошириш ва қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан барқарор ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Энг муҳими, энди бир-биридан бехабар ҳаракат қилиш эмас, олдиндан огоҳлантириш, ахборот алмашиш ва ҳамкорлик қилиш имконияти бор. Зеро, асаларини асраш — бир асалари оиласини эмас, табиат занжирининг муҳим бир бўғинини асрашдир. Табиатни асраш эса эртанги нонни, ҳосилни ва келажакни асраш демакдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири