Арнасойда пахта хирмони юксалмоқда (+видео)
Жиззах вилояти Арнасой тумани далаларида пахта йиғим-теримига старт берилди. Мавсум йил давомида амалга оширилган агротехник тадбирлар, деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати, техника ҳамда ташкилий имкониятларнинг амалдаги самарасини намоён этадиган масъулиятли даврдир.
Мавсум тумандаги “Арнасой замин шижоати” фермер хўжалигининг пахта майдонидан бошланди. Йил давомида экинларни ўз вақтида ва сифатли парваришлаш, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилган ишлар натижасида далаларда мўл ҳосил етилди. Энди эса асосий вазифа – уни қисқа муддатларда, сифатини сақлаган ҳолда ва нобудгарчиликсиз йиғиб олиш.

Бу йил Арнасой туманида 284 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 7200 гектар майдонга пахта етиштириш режалаштирилган бўлиб, шартномавий режа 34 минг 470 тонна этиб белгиланган. Майдонларнинг 3652 гектарига “Шинжон” усулида Хитойнинг Xin Lu Zao-57 (“Хитой-57”), XingluZao-72, Hongtai-6636 ва Xin Lu Zhong-52 навлари экилган. Бундан ташқари, 7200 гектарнинг қолган майдонида ҳам тўлиқ хорижий навлар қўшқатор усулида етиштирилди.

Катта ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш эса, аввало, пухта ташкил этилган техник таъминотни талаб қилади. Шу мақсадда мавсумга 30 та пахта териш машинаси, 269 та пахта ташиш техникаси ва 10 та махсус юклагич техника жалб этилди. Туманда етиштирилган пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш учун 1 та пахта қабул қилиш заводи ҳамда 3 та пахта қабул қилиш маскани фаолият кўрсатиши белгиланган.

Бироқ терим суръати техника сони билангина белгиланмайди. Даладан қабул масканигача бўлган ҳар бир босқичнинг узлуксиз ва аниқ ташкил этилиши ҳосилнинг сифатига бевосита таъсир қилади. Шу боис мавсум давомида техника ва транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракатини таъминлаш, пахтани ўз вақтида етказиш билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тиббий хизмат ва диспетчерлик назоратини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зеро, пахтачиликда якуний натижа меҳнатнинг барча бўғинлари уйғунлашганида яратилади. Фермер хўжаликлари, теримчилар, механизаторлар, транспортчилар ва соҳа масъулларининг ҳамжиҳатлиги мавсумнинг уюшқоқ ва самарали ўтишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Арнасой деҳқонлари олдида аниқ мақсад турибди: ҳар гектар майдондан 49,9 центнер ҳосил кўтариб, 34 минг 470 тонна шартномавий режани ўз вақтида бажариш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ва қабул масканларига сифатли етказиб бериш.
“Пахта-2026” – Арнасой учун яна бир меҳнат синови. Унинг муносиб натижаси эса, аввало, уюшқоқлик, масъулият ва деҳқон меҳнатига боғлиқ.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири